Апрель ойидан бошлаб Тошкент шаҳрида иссиқ сув таъминотида 2 марта режалаштирилган узилишлар бўлади, деб хабар бермоқда Veolia Energy Tashkent.

Ташкилотнинг маҳаллий қозонхоналари фаолияти тўхтатилиши давомийлиги 2 кун бўлиб, 1 апрелдан 31 майгача бўлган даврни қамраб олади.

Ўчириш саналари ва манзиллари. Жадвал янгиланиб боради.

«Биз таъмирлаш ва профилактика ишларини, жумладан, клапанларни алмаштириш, тармоқ насосларини тўлиқ текшириш ҳамда алмаштириш, электр таъминоти тизимларини текшириш, қозонхоналарнинг қувурлари ва тегишли жиҳозларини демонтаж қилиш ва ўрнатиш, шунингдек, иссиқлик алмаштиргичларда профилактик ишларни амалга оширамиз», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, 15 апрелдан 31 майга қадар барча 3 та иссиқлик ишлаб чиқарувчи корхонанинг («Тошкент иссиқлик маркази», «Тошкент иссиқлик электр маркази», Veolia Energy Tashkent) марказий қозонхоналари иши тўхтатилиши режалаштирилган.

Узилишлар 4 кун давом этади. Уларнинг жадвали кейинроқ эълон қилинади.

«Ушбу давр мобайнида биз Тошкент шаҳридаги иссиқ сув таъминоти тизимини таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатишни амалга оширамиз. Veolia Energy Tashkent компанияси ходимлари келгусидаги иситиш мавсумида янада самарали ва ишончли иссиқлик таъминотини етказиб бериш мақсадида эскирган коммуникацияларни алмаштириб, иссиқлик тармоқларини модернизация қилади», — дейилади компания хабарида.