29 март куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган йиғилишда 30 нафар раҳбарга интизомий жазо кўрилгани маълум қилинди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Йиғилиш «Яшил макон» лойиҳаси доирасида баҳорги экиш мавсумини ташкил қилиш ҳамда чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган.

Давлат раҳбари вилоят ва туман ҳокимларининг қурилиш, коммунал ва экологияга жавобгар ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар тизимидаги масъул раҳбарларнинг бу борадаги фаолияти кўриб чиқилгани, улардан 30 нафарига нисбатан интизомий жазо кўрилганини қайд этди.

Жумладан, Касби, Қарши (Қашқадарё), Бахмал (Жиззах), Тўрақўрғон (Наманган) туманлари ҳоким ўринбосарлари ишдан олинди.

Ушбу туманлар ҳокимларининг, шунингдек, 6 та вилоят ҳокимининг (қайси вилоятлар экани айтилмаган) ўринбосарлари ва бошқа раҳбарларга ҳайфсан берилди. Барча экология бошқармалари бошлиқларига синов муддати тайинланди.