14 апрель куни Ўзбекистон Алоқа тарихи музейида почта орқали откриткалар билан алмашадиган инсонлар — посткроссерларнинг халқаро учрашуви бўлиб ўтади. Ушбу тадбир арафасида Ўзбекистон Миллий почта хизмати UzPost посткроссинг фаолияти, унинг Ўзбекистонда ривожланиши ва қандай қилиб посткроссер бўлиш мумкинлиги ҳақида ҳикоя қилади.

Откриткалар туфайли дунё бахтлироқ жойга айланади

Бу 2005 йилда ўзи каби откритка ишқибозлари учун postcrossing.com сайтини яратган португалиялик талаба Пауло Магалхеаснинг сўзлари. Ҳаваскорлик ортидан бошланган ушбу посткроссинг лойиҳаси бугунги кунда 200 дан ортиқ дунё мамлакатларидан 800 мингга яқин инсонларни бирлаштириб туради.

Пауло посткроссинг одамларга янада тушунувчан ва бир-бирларига нисбатан очиқроқ бўлишида ёрдам беришига ишонади. Шунингдек, у чет мамлакатга жўнатилган ҳар бир откриткада жўнатувчи яшайдиган мамлакат маданиятининг бир парчаси бор, деб ҳисоблайди. Ўзбекистондаги посткроссерлар ҳамжамияти асосчиси Полина Алексеева ҳам худди шундай фикрда.

Ўзбекистон посткроссерлар ҳамжамияти

2024 йил март ойида сайт маълумотларига кўра, Ўзбекистонда посткроссинг билан шуғулланувчилар 187 нафарни ташкил этади ва улар бугунги кунга қадар 15 934 та откриткалар жўнатишган. Ҳолбуки, иштирокчилар сони бунчалик кўп бўлишига қарамай, яқин вақтларгача посткроссерлар оффлайн форматда учрашишмаган эди.

Полина тажрибага эга бўлган ва эндигина бошлаган посткроссерларни ҳам Ўзбекистон фуқаролари, ҳам Тошкентда истиқомат қилувчи хорижликларни бир гуруҳга бирлаштирди. Ноябрь ойида у «Посткроссинг в Узбекистане» (Ўзбекистонда Посткроссинг) Telegram каналини очди. Ҳозирда унга 87 киши обуна бўлган, улардан 30 га яқини Тошкентдаги фаол посткроссерлардир. Ушбу ҳамжамият икки марта расмий учрашув ўтказиб, айни дамда апрель ойидаги халқаро тадбирга тайёргарлик кўрмоқда.

Посткроссерларнинг расмий учрашувлари postcrossing.com халқаро лойиҳасининг модераторлари билан келишилади ва ҳамжамият қоидаларига мувофиқ ҳолда ўтказилиши керак. Тадбир учун махсус Посткроссинг ҳаракати логотипи туширилган «учрашув откриткаси» ишлаб чиқилиши ва унинг дизайни модераторлар томонидан тасдиқланиши лозим. Учрашув откриткалари посткроссерлар орасида қадрланади — улар келгусида бошқа ҳаракат иштирокчилари билан алмашинув учун валютага айланади.

uzpost, реклама

Картамаксимум — открытка + битта мавзудаги марка + маркани ҳисобдан чиқариш муҳри. Дизайн рассом Б.Илюхин томонидан 1992 йилда яратилган Ўзбекистоннинг биринчи почта маркаси «Нодирабегим» тасвири асосида яратилган. Откритка дизайни муаллифи: Полина Алексеева. 14 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтадиган халқаро учрашув учун махсус тайёрланган.

Посткроссинг нималардан иборат?

Postcrossing.com бу — инглиз тилидаги халқаро расмий сайт. У ерда рўйхатдан ўтиш, анкетани тўлдириш, қоидалар билан танишиш, тадбирларни кузатиб бориш, форумда мулоқот қилиш ва откриткаларни юбориш, ҳамда қабул қилиш мумкин.

Посткроссинг яшаш жойи, жинси, келиб чиқиши, эътиқодидан қатъий назар ҳамма учун очиқ. Аммо ҳамжамиятнинг ўзига хос одоб-ахлоқ қоидалари бор. Ушбу қоидалар ўзаро ҳурматга асосланган нормаларни ўз ичига олади — бу ҳақда батафсил сайтда ўқишингиз мумкин.

Ҳар бир инсоннинг откриткалар алмашинувида иштирок этиш учун турли сабаблари бор: кўплаб посткроссерлар откритка ёки марка йиғишга қизиқади, бошқалар тил кўникмаларини яхшилаш ва турли мамлакатларда дўстлар орттиришни истайди, кимларгадир эса шунчаки совғалар олиш ёки бундай ҳамжамиятнинг бир қисми бўлиш завқ бағишлайди.
uzpost, реклама

Откриткалар алмашинувида иштирок этиш учун сиз сайтда рўйхатдан ўтишингиз ва манзилингизни киритишингиз керак. Муҳими, сайт махфийлик сиёсатига амал қилади ва сизнинг рухсатингизсиз ҳеч ким шахсий маълумотларингиздан фойдалана олмайди. Сайт рандом тарзда откриткаларни алмашиш учун аккаунтларни бир-бирига боғлайди. Сизнинг манзилингиз, сиз откритка олишни истасангиз, фақат бир нечта танланган иштирокчиларга юборилади.

Манзилингизни рўйхатдан ўтказишда сиз почта индексини киритишингиз керак. Агар сиз почта индексингизни билмасангиз, уни uz.post сайтида манзил ёки харита бўлими орқали билиб олишингиз мумкин.

Ўзбекистонда посткроссинг билан қандай шуғулланиш мумкин?

Ўзбекистонда яшасангиз, исталган UzPost почта бўлимидан откритка юборишингиз мумкин. Почта хизмати сайтида «Почта бўлимни қидириш» бўлимида сизга яқин бўлимни топишингиз, шунингдек, «Тарифлар» бўлимида етказиб бериш нархлар билан танишиб чиқишингиз мумкин. Почта откриткаларини хорижга жўнатиш нархи жўнатмани қабул қилувчининг мамлакати ва етказиб бериш усулига асосланиб 9200 сўмдан 12 400 сўмгача бўлиши мумкин.

uzpost, реклама

Агар сизга откритка ва совғалар билан алмашиш ғояси ёқса, аммо халқаро сайтда рўйхатдан ўтишга тайёр бўлмасангиз, Ўзбекистонниг бошқа ҳудудидаги дўстларингиз ва яқин инсонингизга откритка юборишингиз мумкин. Откриткангиз ёки совғангиз иложи борича тез етиб бориши учун «Бир Қадам» — Ўзбекистон бўйлаб жўнатмаларни атиги бир кун ичида юбориш хизматидан фойдаланишингиз мумкин. «Бир Қадам» хизмати мавжуд бўлган барча почта бўлимлари uz.post сайтидаги «Бир Қадам манзиллари» бўлимида белгиланган.

Ушбу хизмат орқали вазни 20 кг дан ошмайдиган ва Ўзбекистон қонунчилиги билан тақиқланмаган жўнатмаларни юборишингиз мумкин.

14 апрель куни бўлиб ўтадиган Тошкентда халқаро посткроссерлар йиғинида барча хоҳловчилар иштирок этиши мумкин. Чипта ўрнида сиз 30 минг сўмга махсус «учрашув» откриткасини харид қилишингиз лозим. Учрашувда иштирок этиш учун 7 апрелгача Telegram орқали боғланиб рўйхатдан ўтишингиз мумкин.

Реклама ҳуқуқлари асосида.