Андижон шаҳридаги Бобур шоҳкўчасида жойлашган «Мумтоз» савдо мажмуаси олдида ерости ўтиш йўли қурилиши режалаштирилмоқда. Бу бўйича Андижон вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ташкил этган пресс-турда маълумот берилди, дея хабар бермоқда Журналистлар уюшмаси.

Қайд этилишича, иншоот қурилиши кутилаётган ҳудуддан бир суткада 35 мингдан зиёд транспорт воситаси, 82 минг нафарга яқин пиёда ўтади, куннинг асосий қисмида (эрталаб 7:00 дан кечки пайт 19:00 гача) эса тирбандлик жуда юқори бўлади. 2023 йил давомида мазкур чорраҳада пиёдалар иштирокида 23 та йўл-транспорт ҳодисаси юзага келган. Бунинг оқибатида 5 нафар фуқаро вафот этган, 27 киши турли даражада жароҳат олган.

Вилоят ЙҲХБ мазкур чорраҳада ерости ўтиш йўлини қуриш бўйича таклиф ва лойиҳа ишлаб чиқиб, ҳокимлик ҳамда тегишли ташкилотларга тақдим этган.

Умумий қиймати 8 млрд 215 млн сўмга тенг мазкур лойиҳа доирасида узунлиги 60 метр, эни 4 метрли ерости ўтиш йўли қурилиши кўзда тутилган.

Пресс-тур иштирокчилари Хўжаобод тумани «Деҳқон бозори» атрофида юзага келаётган тирбандликлар, мазкур ҳудудда барпо этилаётган ерости ўтиш йўли қурилиши билан ҳам таништирилган.

Хўжаобод «Деҳқон бозори» ёнидан ўтувчи Андижон — Ўш магистраль автомобиль йўлидан бир суткада 80 мингдан ортиқ пиёда ҳамда 35 мингдан ортиқ транспорт воситаси ўтади. Мазкур йўл атрофи ва яқинида 100 га яқин савдо, хизмат кўрсатиш, ижтимоий соҳа объекти фаолият олиб боради. Йўлнинг бозор ҳудудидаги қисмида ўтган йили юз берган йўл-транспорт ҳодисалари сабабли 3 нафар фуқаро вафот этган, 12 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган.

Ҳозирда мазкур ҳудудда умумий қиймати 4 млрд 950 млн сўмга тенг лойиҳа доирасида узунлиги 30 метр, эни 4 метр бўлган ерости ўтиш йўли қурилиши давом этмоқда.