Туркия чегарадаги кириш ва чиқиш пунктларида, жумладан, Истанбул аэропортида хавфсизлик чораларини кучайтирди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бу ҳақда хабар бериб, Ўзбекистон фуқароларини текширувлар ва чекловлар юзасидан огоҳлантирди.

Қайд этилишича, Истанбул халқаро аэропортида асосан 20−35 ёшдаги хорижликларга нисбатан назорат тадбирлари кучайтирилган. Ўзининг хатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган шахслар билан миграция хизмати ходимлари томонидан суҳбат ўтказилиб, шахсий уяли телефонлари текширилиши ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Терроризм, одам савдоси ва бошқа жиноятларга алоқадорликда гумонланганлар, тақиқланган товарларни олиб ўтишга уринган шахслар «Туркияга кириши исталмаган йўловчи» сифатида баҳоланиб, Туркия ҳудудига киритилмасдан, мамлакатига қайтариб юборилмоқда.

Жумладан, 2024 йилнинг январь-февраль ойлари давомида Ўзбекистоннинг 163 нафар фуқароси Туркияга киритилмаган, уларнинг 54 нафари бундан олдин Туркияга келиб, қонунбузарлик содир этиб, мамлакатга киришига тақиқ қўйилганлар бўлган.

Шу билан бирга, агентликка айрим ўзбекистонликлар Истанбул аэропортида полиция ходимларининг қўпол муомаласи бўйича шикоят қилган.

«Бу борада фуқароларимизнинг барча шикоят ва эътирозлари дипломатик каналлар орқали турк томонига етказилди ва ҳозирги кунда мутасадди ташкилотлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Ўз ўрнида, фуқароларимиздан маҳаллий қонунларни ҳурмат қилиб, уларга тўлиқ риоя этишларини сўраб, олдин қонунбузарлик содир этиб депортация қилинган фуқаролардан эса Туркияга кириш тақиқи бор ёки йўқлигини Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги Туркия дипломатик ваколатхоналаридан ўрганган ҳолда келишлари тавсия қилинади», — дейилади хабарда.

Йил бошидан буён одам савдосида айбланган бир неча аёл, жумладан, Мунисахон Алижонова, «Мадам Клод» номи билан танилган Нилуфар Мирханова, шунингдек, Дилноза Умарова ва Мавлудахон Улмасовалар Туркиядан депортация қилинганди.

Шунингдек, молиявий жиноятларда айбланиб қидирувда бўлган 58 ёшли Фахриддин Шакарбоев ва 31 ёшли Хумоюнбек Мардонов ҳам Туркиядан экстрадиция қилинган.