Тошкент шаҳридан Қамчиқ довони орқали Фарғона водийси вилоятларига микроавтобус қатнови ташкил этилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар қилди.

Вазирлик шу мақсадда шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишлар бўйича очиқ тендер танловлари 2024 йилнинг 1 май санасида бўлиб ўтиши маълум қилди.

Тендерга қўйилган лотлар:

  • YT — 1150-сонли Тошкент шаҳри — Наманган шаҳри икки томондан;
  • YT — 1151-сонли Тошкент шаҳри — Фарғона шаҳри икки томондан;
  • YT- 1153-сонли Тошкент шаҳри — Андижон шаҳри икки томондан.

Ушбу йўналишда қатновларни амалга оширишда қўйиладиган талаблар:

  • Қамчиқ довони орқали йўловчиларни ташишда фойдаланиладиган ва ҳайдовчидан ташқари ўн тўрттагача ўриндиққа эга бўлган М2 тоифадаги транспорт воситаларига;
  • бунда фақат 1 апрелдан 1 ноябрга қадар бўлган даврда кундузи;
  • ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган ва газ баллон ускуналари ўрнатилмаган;
  • секинлаштирувчи ускунаси (тоғ тормози) мавжуд бўлган;
  • ҳаракатни кузатиш навигация қурилмаси ва тахограф ўрнатилган транспорт воситаларида камида 7 йил стажи бор ҳайдовчиларга автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш фаолияти учун лицензия мавжуд бўлган тақдирда қатновни амалга оширишга рухсат берилади.

Тендерга жойлаштирилган йўналишлар ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлиш ҳамда тендерда қатнашиш учун таклифларни тақдим этиш жараёнлари e-tender.uztrans.uz веб-сайти орқали амалга оширилади.