Дунё бўйлаб 50 ёшгача бўлган катталар ўртасида саратон касаллиги кўпаймоқда ва тадқиқотчилар бунинг сабабини ҳали тушунмаяпти, деб ёзади Британиянинг Nature илмий журнали. Бу ўсиш мамлакатга ва саратон турларига қараб фарқ қилади, аммо глобал маълумотларга асосланган моделлар 2030 йилга келиб саратоннинг эрта бошланган ҳолатлари сони тахминан 30 фоизга ошишини тахмин қилмоқда.

Nature`нинг қайд этишича, АҚШда одатда 60 ва ундан катта ёшдаги эркакларга таъсир қиладиган йўғон ичак саратони 50 ёшгача бўлган эркаклар орасида саратон касаллигидан ўлимнинг асосий сабабига, ёш аёллар орасида эса иккинчи асосий сабабга айланди.

Нашрнинг таъкидлашича, семиришнинг кўпайиши ва саратонни эрта аниқлаш каби эҳтимолий омиллар ҳам бу тенденцияни тўлиқ тушунтириб беролмайди. Баъзи тадқиқотчилар жавоблар учун ичак микробиомини ёки ўсмаларнинг геномларини қидирмоқда, аммо бу омилларнинг комбинацияси бўлиши мумкин.

Бир неча йил олдин халқаро олимлар гуруҳи 1990 йилдан 2019 йилгача 14 ёшдан 49 ёшгача бўлган одамларда саратоннинг 29 тури билан касалланиш статистикасини кўриб чиқди. Таҳлил шуни кўрсатдики, бу даврда дунё бўйлаб эрта саратон касаллиги 79,1 фоизга ошган ва бу ёш гуруҳида саратон касаллигидан ўлим сони деярли 28 фоизга ошган.

Кўпинча эрта саратон овқат ҳазм қилиш тизимига таъсир қилади — сўнгги 30 йил ичида йўғон ичак, ошқозон ости бези ва ошқозон саратони билан касалланиш кескин ошди. Аммо кўкрак ва простата саратони билан касалланиш ҳам кўпайиб бормоқда, дея қайд этди Nature.

Генетик белгилар

Семириб кетиш ва қайта ишланган озиқ-овқатларга бой овқатланиш саратон касаллигининг кўпайишида сабаб бўлиши мумкин. Буни ошқозон-ичак саратони тарқалиши ва кўплаб мамлакатларда овқатланишдаги ўзгаришлар тасдиқлайди. Бироқ, статистик таҳлил шуни кўрсатадики, бу омиллар тўлиқ тасвирни тақдим этиш учун етарли эмас.

Nature билан суҳбатлашган шифокорлар қайд этишича, уларнинг беморлари кўпинча ёш, соғлом ва тетик кўринишга эга. Вандербилт университети тиббиёт маркази (АҚШ) онкологи Кети Энг марафонга тайёрланаётган 32 ёшли беморини мисол қилиб келтирди. Аёл Энг билан даволанишни бошлашдан олдин, шифокорлар унинг ахлатидаги қонни кучли жисмоний машқлар натижасида келиб чиққан ирритабий ичак синдроми деб ҳисоблашган. «У мумкин даражада соғлом эди», деб таърифлайди Энг. «Агар сиз унга қарасангиз, унинг жигарининг ярмидан кўпи шишган эканини билмас эдингиз».

Саратоннинг эрта ривожланишига ҳисса қўшадиган сабабларни тушуниш учун тадқиқотчилар ўсмаларнинг генетик хусусиятларини ўрганишди. Гарвард тиббиёт мактаби (АҚШ) шифокорлари гуруҳи саратоннинг дастлабки босқичида агрессив ўсмалар баъзан тананинг иммунитетини яхши бостириши мумкинлигини аниқлашга муваффақ бўлди. Аммо ривожланган саратон билан фарқлар кичик, дея тан олади улар.

Олимлар шунингдек, инсон организмида яшовчи микроорганизмларни ҳам ўрганишди. Озиқланиш ёки антибиотикларни ўзгартириш натижасида келиб чиққан микробиоманинг бузилиши яллиғланиш ва бир қатор касалликлар, шу жумладан саратоннинг айрим шаклларини ривожланиш хавфи билан боғлиқ. Бироқ, бу назарияни тасдиқловчи далиллар кам ва узоқ муддатли маълумотларни тўплашда ётади. «Микробиомага таъсир қилувчи моддалар рўйхати жуда кенг. Сиз одамлардан болалигида нима истеъмол қилганини эслашини сўрайсиз, мен эса нонушта қилганимни зўрға эслайман», — дейди Колорадо университети саратон маркази (АҚШ) онкологи Кристофер Лиу.

Ўтмишга назар

Бунинг сабабини аниқлашнинг бир усули — турли мамлакатлардаги саратон касаллигининг дастлабки ҳолатлари сони бўйича маълумотларни бирлаштириш ва мумкин бўлган корреляция — бутун организмда белгиларнинг ўзаро боғлиқликларини излаш. Буни ҳозирда Европа, Африка ва Жанубий Америкадаги ҳамкасблари билан биргаликда маълумотларни тўплашни режалаштирган Кети Энг амалга оширмоқда.

Яна бир ёндашув — бу мамлакатлар ўртасидаги фарқларни ўрганиш. Мисол учун, Япония ва Жанубий Корея яқин жойлашган ва иқтисодий жиҳатдан ўхшаш. Бироқ, Жанубий Кореяда эрта йўғон ичак саратони билан касалланиш Японияга қараганда тезроқ ўсиб бормоқда. Гарвард олимлари бунинг сабабларини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

Бироқ, тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, баъзи мамлакатларда маълумотлар етарли эмас. Масалан, Жанубий Африкада ушбу касаллик бўйича маълумотлар тиббий суғуртаси бўлган аҳолининг атиги 16 фоизидан тўпланади.

Олимлар, шунингдек, эрта бошланган саратоннинг етарлича ҳолатларини аниқлаш учун сўнгги 40−60 йил давомида минглаб одамлардан тўпланган маълумотларни ўрганиши керак бўлиши мумкин, деб ёзади The Nature. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, саратон асбест ёки сигарет тутуни каби канцероген таъсирдан кўп йиллар ўтгач пайдо бўлиши мумкин.