Олти ёшли Амал кўришиш учун қўлини узатаркан, кафтингиз учлари қора силиконли оқ пластмаса бармоқларни ҳис қилади. Бўғим (фаланга)лар бир-бирига металл деталчалар ёрдамида бириктирилган. Бундай киберпанжалар роботлар ва суперқаҳрамонларда бўлади. Болакай — суперқаҳрамонлар мухлиси.

Наманганлик Екатерина Аблясованинг сўзларига кўра, ўғли туғма ампутация билан туғилган — ҳомила вақтидаёқ боланинг ўнг қўл тирсакдан қуйи қисми шаклланмаган. На ультратовуш текшируви (УТТ)да, на скринингда бу аномалия ва унинг ривожланиб бориши аниқланмаган.

«Бизда киндер-сюрприз бўлган деса ҳам бўлади», — дейди аёл ўғлига меҳр билан боқаркан; болакай бу вақт ичида нарироқдаги бир курсига бориб, ўтириб олишга ҳам улгуради.

Ёш ота-она интернетдан ёрдам, кўмак излашга тушган, форумлар ва гуруҳларда уларнинг ўғли каби ўзига хосликка эга оилаларнинг тажрибаси билан танишган. Шундай муҳокама майдонларининг бирида болалар ва катталар учун кўп функцияли қўл протезларини ишлаб чиқарувчи «Моторика» (Россия) компанияси ҳақида хабар топган.

«Амал ўшанда ҳали олти ойлик ҳам эмасди. Биз протез олиш шартлари қандай, нархи қанча ва тайёрлаш муддатини билиш мақсадида шунчаки сўров қолдиргандик. Ўғлимиз сал каттароқ бўлса, сотиб олмоқчи эдик. Орадан уч йил ўтиб, компаниянинг ўзи бизга алоқага чиқди ва Москвадаги „Фаришалар клуби“ („Клуб ангелов“) хайрия фонди орқали бизга протез ясаб беришни таклиф қилди. Нақ мўъжизанинг ўзгинаси!», — дея ҳикоя қилади Екатерина.

протез-ортопедия мосламалари, протезлар, реаблитация қилишнинг техник воситалари

«Моторика» компаниясига 2015 йили россиялик муҳандислар Илья Чех ва Василий Хлебников асос солган. Панжа киберпротезларини ишлаб чиқиш ва ясашга ихтисослашган стартап орадан икки йил ўтиб «Сколково» инновацион маркази резидентига айланган. Шундан бери компания Россия, МДҲ, Жануби-Шарқий ва Марказий Осиё мамлакатларидаги фойдаланувчилар 7400 та протез етказиб берган.

Бугунги кунда «Моторика» функционал протезларнинг икки хил — тортиладиган (механик) фаол ва бионик турларини чиқармоқда. Биринчи тур протезлар билак ёки тирсак бўғими ҳисобига ишлайди: киши бўғимини букса, протез ёпилади, ёзса (керса, ростласа) — очилади. Шу тариқа ушлаб (тутиб) олиш ҳаракати амалга оширилади. Бионик протезлар эса нисбатан замонавий, кучли ва мураккаброқ. У мушак қисқаришлари ҳисобига ишлайди.

Иккала тур протез ҳам қўл, билак ва елка даражасидаги қўл ампутацияси ёки аплазияси (қўлнинг туғма йўқлиги ёки ривожланмаганлиги) бўлган болалар ва катталарга мос келади. Бу протезлар интуитив даражада тушунарли бўлиб, фойдаланувчиларга нарсаларни олиш, овқат пишириш, велосипед ёки самокатда учиш, смартфон ва сенсор экранли бошқа гаджетлардан фойдаланиш каби оддий кундалик ишларни бажаришга имкон беради.

«Компаниямизнинг миссияси бор — фойдаланувчиларимизга янги имкониятларни очишларига, ҳаракат эркинлигини ҳис қилишларига ёрдам берамиз. Биз жароҳатни ниқоблаб, яшириб турадиган эмас, балки айнан фойдаланиш мумкин бўлган протезларни ясаймиз», — дейди компаниянинг МДҲ йўналиши раҳбари Валерия Чемикос.

Барча протезлар индивидуал равишда, жароҳатнинг ўзига хосликларини ҳисобга олган ҳолда тайёрланади. Протез корпуси 3D-принтерда чоп этилади, қолган қисмлари эса токарлик, фрезерлик ёки бошқа механик қайта ишлаш ускуналари ёрдамида ясалади. Фойдаланувчиларда протез рангини танлаш ёки дизайнерлардан уни севимли мультфильм ва комикс қаҳрамони услубида безатиб беришни сўраш имкони бор. Бу нарса айниқса болалар протези йўналишида жуда долзарб.

«Биз дизайн борасида ота-оналар билан албатта гаплашамиз, бола нима хоҳлаётганини сўраймиз. Агар рангли протез сўраётган бўлса, қўллаб-қувватлашларини илтимос қиламиз. Бола протездан фойдаланиши, бу нарса унга ёқиши жуда муҳим. Бу нарса боланинг ўз жароҳатига ва умуман ўзига нисбатан муносабатини қанчалик ўзгартиришини амалиётда кўп кўрганмиз», — дея тушунтиради Валерия Чемикос.

протез-ортопедия мосламалари, протезлар, реаблитация қилишнинг техник воситалари

Дизайнерлар Амал учун биринчи киберпротезни Американинг машҳур «Ўргимчак-одам» комикси услубида қизил ва кўк рангларда, бутун корпусини ўргимчак тўри эгаллаган кўринишда безатиб берган эди. Амалнинг бундай «қўли» боғчада тенгдошларининг катта қизиқишига сабаб бўлган. Кўплаб болалар ота-оналаридан уларга ҳам шундай нарса олиб беришни сўраган — улар протезни тиббий восита эмас, балки қандайдир замонавий гаджет деб тушунган.

Болакайга Янги йил арафаси «Ishonch» компанияси совға қилган иккинчи протез ҳам суперқаҳрамонлик мавзусида безатилган. Кафтнинг орқа тарафида Бэтмен рамзи — кўршапалак тасвирланган. Протез оқ-қора — мактаб формаси рангида. Сентябрда Амал 1-синфга чиқади.

Дизайнни боланинг ўзи танлаган. Протезни одатий қўлга ўхшатиб ишлаш таклифини Амалнинг ўзи рад этди. Ота-онасига: «Ё киборг бўламан, ё ўзимнинг қўлим билан юравераман», деди.

«Амалга кичиклигидан қўлини яширмасликни ўргатганмиз. Сузишга ҳам, қўли чиниқиши учун, протезсиз қатнаймиз. Орада бир Амал: „Боғчага протезсиз бораман“, деб қолди — у тортинчоқроқ, ҳамма эътибор беравериши ёқмаган. Унга протези бўлса ҳам, бўлмаса ҳам эътибор бераверишларини, лекин киберқўл билан имкониятлар кўпроқлигини айтиб, тушунтирдик», — дейди Екатерина.

протез-ортопедия мосламалари, протезлар, реаблитация қилишнинг техник воситалари

Амал билан бирга 10 ёшли Ҳадиятуллоҳ Аҳмадалиев ҳам «Ishonch»дан Янги йил совғаси сифатида киберпротез олди. Бу болакайнинг ўнг қўл панжаси чақалоқлигидан ривожланмай қолган. Катта бўлгани сайин у ўзидаги бу ҳолатдан кўпроқ уяла бошлаган. Энди бўлса Ҳадиятуллоҳ ўзида йўқ хурсанд: болакай нафақат фантастик фильмлардаги киборгларга ўхшайди, балки анча-мунча мустақиллашиб, уй ишларида ота-онасига ҳам ёрдам бера бошлаган.

«Бу мавзудан узоқ бўлсанг, одатий ҳаёт тарзида бу каби муаммоларга дуч келмасанг, технологиялар нақадар ривожланиб кетганини ва қанчалик кўп одам ёрдамга муҳтожлигини англай олмайсан. Болалар бугуннинг ўзидаёқ ўзини куч ва иштиёққа тўла ҳис қилиши ва болалиги бахтиёр ўтиши учун эътибор қарата олаётганимиз биз учун катта шараф. Бундай протезларга муҳтож катталар ва болаларга кўрсатиладиган манзилли ёрдам тизимли бўлишини истардик», — дейди «Ishonch» компанияси креатив директори Замира Раҳмонова.

Учинчи болакай — хоразмлик 6 ёшли Мираброр Шавкатов учун киберпротез россиялик меценат томонидан совға бўлди.

протез-ортопедия мосламалари, протезлар, реаблитация қилишнинг техник воситалари

Ўзбекистонда «Моторика» протезлари, 2022 йилдан бошлаб ҳисоблаганда, 13 кишига тақдим этилган. Компания Ўзбекистондаги протез ва ортезлар тайёрлашга ихтисослашган «Ortoprotez reabilitatsiya servis» масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Ушбу жамият маҳаллий бозорда ишлаётганига 25 йилдан ошган бўлиб, Тошкентдан ташқари Самарқанд, Андижон, Фарғона, Наманган, Сурхондарё, Навоий, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистонда филиалларига эга.

Ташкилот протезчилари россиялик ҳамкасблари билан бирга ишлаб, тортиладиган фаол протезларни ўрнатиш бўйича малака оширди ва бу йўналишда сертификатлаштиришдан ўтди.

2024 йилда компаниялар «Ortoprotez reabilitatsiya servis» негизида ногиронлиги бор шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари (РҚТВ) билан таъминлашнинг янги тизимини ишлаб чиқишга доир қўшма лойиҳаларга эътибор қаратишни мақсад қилган. Бунда Ўзбекистон президентининг февралдаги «Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реаблитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси муҳим дастуриламал бўлади. 2030 йилга бориб ўзбекистонликларнинг замонавий протез-ортопедия анжомларига бўлган талаби тўлиқ қопланиши кутилмоқда.