Москва вилоятидаги «Крокус Сити Ҳолл» концерт залида содир этилган теракт юзасидан жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда, айни пайтда қурбонлар сони 93 киши экани аниқланган, деб хабар берди Россия Тергов қўмитаси.

«Ўлганлар сони яна ортиши мумкин. Дастлабки маълумотларга кўра, ўлимга ўқ жароҳатлари ва ёнғин туфайли заҳарланиш сабаб бўлган», — дейилади қўмита хабарида.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги терактда ҳалок бўлганларнинг тўлиқ бўлмаган рўйхатини эълон қилган, унда 37 кишининг исм-шарифлари келтирилганди. Жабрланганларнинг янгиланган рўйхатида эса 121 киши номи келтирилган.

«Интерфакс»нинг Кремль матбуот хизматига таяниб ёзишича, Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников Россия президенти Владимир Путинга 11 киши, жумладан, «Крокус Сити Ҳолл»да теракт содир этишда гумон қилинаётган барча тўрт киши ҳибсга олингани ҳақида маълум қилди.

Бортников Путинга ФХХ террорчиларнинг шерикларини аниқлаш устида иш олиб бораётганини ҳақида ҳам хабар берган.

Маълумот учун, Москва мэри Собянин терактда ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳар бир қурбон учун 3 миллион рублдан тўлаш топшириғини берди.

Эслатиб ўтамиз, жума куни тунда содир этилган теракт учун жавобгарликни ИШИД-Хуросон (ИШИД-К) ўз зиммасига олган. Бу маълумотни АҚШ разведка хизматлари ҳам тасдиқлаган.