19 март, сешанба куни президент Шавкат Мирзиёев ногиронлиги бўлган болалар учун 1-сонли «Мурувват» интернат уйини бориб кўрди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар берди.

мурувват уйи, президент

«Мурувват» уйи яқинда қайта таъминланганди. Қўшимча бино қурилиб, эски бинолар капитал таъмирланди. Ёзги спорт зали, ногиронларни парваришлаш ва жисмоний даволаш бўлимлари, тиббиёт ва машғулот хоналари, фаоллар зали, кутубхона, ётоқхона ва ошхона бутунлай янгиланди. Ҳар бир бўлим, махсус хоналар талаб даражасида жиҳозланди. Ҳаракатланиши қийин болалар махсус аравачалар билан таъминланди.

Муассасада руҳиятида сезиларли нуқсони бор 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатилади. Бугунги кунда 299 нафар ўғил-қиз васийликка олинган. Уларга 334 нафар ходим, жумладан, малакали педагог, дефектолог ва шифокорлар ёрдамлашмоқда.

мурувват уйи, президент

Шавкат Мирзиёев болаларнинг машғулотларини бирма-бир кузатди. Улар билан суҳбатлашиб, меҳрини изҳор қилди. Шароитларни яхшилаб, қулайликлар яратиб, ногиронлиги борларнинг иложи борича ҳаётда ўрин топишига кўмак кўрсатилишини айтди. Президент бунда ижтимоий хизмат ходимлари ишини эътироф этиб, болаларга меҳр-муруввати учун миннатдорлик билдирди.

мурувват уйи, президент

Болаларни имкон қадар реабилитация қилиш ва ҳаётга мослаштириш, ота-оналарга психологик ёрдам бериш масалалари бўйича фикр алмашилди. Сўнгги йилларда имконият ва тизим пайдо бўлгани, бошқа ижтимоий муассасалардаги шароитларни ҳам яхшилаш зарурлиги таъкидланди.

мурувват уйи, президент

Хабарга кўра, сўнгги беш йилда «Мурувват» уйларига давлат бюджетидан ажратилган маблағлар 3 баробардан зиёд ошган. Улардаги ходимлар ва ўринлар сони ҳам кўпайтирилган.

мурувват уйи, президент

Ўтган йили Президент ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилганди. Пансионат, реабилитация маркази каби кўплаб ижтимоий муассасалар қатори «Мурувват» уйлари ҳам ушбу агентлик тизимига ўтказилди.

мурувват уйи, президент

Эндиликда «Мурувват» уйлари замонавий реабилитация жиҳозлари билан таъминланиб, ўз ишини янги концепция асосида йўлга қўяди. Унга кўра, болалар индивидуал ривожланиш дастурлари асосида жамиятга интеграция қилинади. Барча «Мурувват» уйларида учрашув хоналари ташкил этилади.

Шунингдек, «Қўллаб-қувватлаш клублари» тузилиб, малакали мутахассислар васийларга ногиронлиги бўлган болани парваришлаш, оила шароитида тарбиялаш ва жамиятга мослаштириш бўйича билимлар беради. Алоҳида таълимга тавсия берилмаган, оғир даражадаги касалликлари мавжуд болалар учун «Ғамхўрлик гуруҳи» ташкил этилади. Барча ҳудудий реабилитация марказларида ногиронлиги бўлган болалар учун шундай хизматлар йўлга қўйилади.

Муассасанинг қозонхонаси ва муҳандислик тармоқлари ҳам тўлиқ янгиланган. Ҳудудга манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилиб, ташқи ёритиш чироқлари ўрнатилган, йўлаклар асфальтланган.