Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ўз блогида ўзбекистонликларга АҚШга кириш учун кўпи билан бир йиллик виза берилиши Қўшма Штатлар қонунчилигидаги «ўзаро мутаносиблик» талаблари билан боғлиқлиги, ўзбекистонликлар узоқ муддатли виза олиши имконига эга бўлиши учун нималар қилиниши лозимлиги борасидаги мулоҳазалари билан бўлишди. «Газета.uz» иқтисодчининг постларини жузъий таҳрир билан ҳавола этади.

Эшитган бўлсангиз керак, АҚШ ҳукумати Қирғизистон фуқаролари учун сайёҳлик ва ишбилармонлик визалари муддатини 10 йилгача узайтирди. Бунгача бошқа қўшнимиз — қозоғистонликларга ҳам АҚШ визалари шундай узоқ муддатга берилар эди. Ўзбекистонликларга эса бундай визалар узоғи билан бир йил муддатга берилади.

АҚШга талаба бўлиб борган ўзбекистонликларда ҳам шу аҳвол — уларга 1 йиллик виза берилади, аммо қозоғистонлик талабаларга 10 йиллик виза берилади. Ваҳоланки, иккиси ҳам бир университетда, битта дастур асосида ўқийди. Бакалавриатга ўқишга кирган ўзбекистонлик тўрт йил ичида тўрт марта навбатга ёзилиб, бунинг учун тўрт марта пул тўлаб, тўрт марта виза суҳбатидан ўтиши керак, унинг қозоғистонлик курсдоши эса бир марта олган визаси билан нафақат бакалавриатни, керак бўлса магистратура ва аспирантурани ҳам тамомлаши мумкин.

Савол туғилиши табиий — нима учун АҚШ қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон фуқароларига ўзбекистонликларга қараганда ўн баробар узоқроқ муддатга виза беради? Фарқимиз нимада?

Кимдир бунда АҚШ ҳукуматини ўзбекистонликларга нисбатан адолатсиз муносабатда айблаши ҳам мумкин. Лекин гап шундаки, АҚШ қонунчилигида «ўзаро мутаносиблик» (реcипроcity) деган талаб мавжуд ва у барча мамлакатларга бирдек амал қилади. Яъни, бирор бир мамлакат АҚШ фуқаролари учун 10 йиллик виза бермаса, АҚШ ҳам ўша мамлакатдан келаётганларга 10 йил муддатга виза бера олмайди.

Лекин шунда ҳам ҳозир Ўзбекистонга келмоқчи бўлган америкаликлардан кўра АҚШга бормоқчи бўлган ўзбекистонлик сайёҳларга енгилроқ: АҚШ уларга бир йиллик туристик виза беради, у билан АҚШга хоҳлаганча кириб чиқиш мумкин ва бир кирганда 180 кунгача мамлакат ичида қолиш мумкин. Ўзбекистон эса АҚШ фуқароларига кўпи билан 30 кунлик туристик виза беради. Яъни, Ўзбекистоннинг америкаликларга қўядиган талаби АҚШнинг ўзбекистонликларга қўядиган талабидан анча кучли.

Америкалик талабалар Ўзбекистонда ўқимоқчи бўлса (бундайлар жуда кам бўлса керак), Ўзбекистон уларга фақат бир йиллик муддатга виза беради. Шу боисдан АҚШ ҳам, ўз қонунчилига мувофиқ, Ўзбекистондан келган талабаларга бир йиллик виза беришга мажбур. Яъни, ҳозир Америкада «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали ўқиётган талабаларнинг тўрт йиллик дастур ёки беш йиллик докторантура бўйича келганини била туриб, АҚШ уларга фақат бир йиллик виза беришининг сабаби — Ўзбекистон америкаликлар талабаларга нисбатан шундай йўл тутганидандир.

Бизнесда ҳам худди шундай — Ўзбекистон америкаликлар тадбиркорларга бир йиллик виза бергани учун, ўзбекистонлик тадбиркорлар АҚШга фақат бир йилгача бўлган муддатга виза олиши мумкин.

Қўшни мамлакатлардаги ташқи ишларга масъуллар биринчи навбатда академик, ўқиш, бизнес ва саёҳат мақсадида келаётган америкаликларга талабларни енгиллаштиргани учун ҳам ўз фуқароларининг АҚШга бориб-келишлари анча осонлашган.

Биз ҳам оддий нарсадан бошласак бўлади: Қозоғистон америкаликлар учун туристик визани умуман бекор қилган, фақат ўқиш ёки бизнес мақсадида келмоқчи бўлган АҚШ фуқароларига 10 йиллик виза берилади.

Биз ҳам америкалик сайёҳларга, талабаларга ва тадбиркорларга виза муддатини 10 йилгача узайтириб берсак, бундан фақат ва фақат бизнинг иқтисодиётимиз ва бизнинг фуқароларимиз ютади. Фуқароларимиз АҚШ элчихонасига минглаб ортиқча доллар тўламайди, энг муҳими, бу чора вақтни тежашга имкон беради.

Ҳозир АҚШда минглаб ўзбекистонлик талабалар бор, аксариятининг ўқиши Ўзбекистон давлат бюджетидан молиялаштирилади — уларнинг оғирини енгил қилиш учун Ўзбекистон ҳукумати америкалик талабаларга виза муддатини узайтириб бериши мантиқий ечим бўлур эди. Шунингдек, АҚШдан инвестиция, технологиялар ва илм оладиган, АҚШ билан ишбилармонлик муносабатларини олиб борадиган ўнлаб ўзбекистонлик тадбиркорларни биламан, улар АҚШнинг 10 йиллик визасини хотиржам олишлари учун оддий бир иш қилинишининг — АҚШ тадбиркорларига бериладиган виза муддати 10 йил қилиб қўйилишининг ҳеч қандай ёмон тарафи йўқ, деб ўйлайман. Ўзбекистоннинг виза талаби кучли бўлгани боис, америкалик бизнесменлар ўзбек ҳамкорлари билан Қозоғистонда учрашишни маъқул кўрган ҳолатларини ҳам биламан.

Туристик виза масаласида ҳам шундай қилиш мумкин. АҚШда юз минглаб ўзбекистонликлар яшайди, уларнинг қариндошу дўстлари ҳар йили визамни янгилайман деб сарсон бўлади, ҳолбуки бу саргардонликларнинг олдини осонгина олиш мумкин — Ўзбекистонда америкаликлар сайёҳларга 10 йиллик виза бериш йўлга қўйилса ёки жаҳоннинг 178 мамлакатида бўлгани каби америкалик сайёҳларга виза тартиби бекор қилинса кифоя. Бундан биз ўзимиз икки ҳисса ютамиз: ҳам америкалик сайёҳларнинг келиши эҳтимоли ошади (деярли ҳаммаёққа визасиз боришга ўрганиб қолган сайёҳлар учун виза расмийлаштириш бошоғриқ), ҳам юз минглаб ўзбекистонликларнинг мушкули осон бўлади.

Бу ишларни қилиш жуда осон, фойдаси эса жуда катта. Бу борада Қирғизистон ва Қозоғистондан ўрнак олишимиз керак, деб ўйлайман. АҚШнинг геосиёсий рақиби ҳисобланган Хитой ҳам 2016 йилдан бошлаб америкаликларга 10 йиллик виза беришни бошлаган — шу тариқа ўз фуқароларининг АҚШга 10 йиллик виза билан киришига имкон яратган. Ваҳоланки, бизнинг АҚШ билан муносабатларимиз яхши.

Ўзбекистон фуқаролари учун бошқа мамлакатлардаги виза тартибларини енгиллаштириш биринчи галдаги вазифаларидан бири бўлишига қарамай, Ташқи ишлар вазирлигимиз жаҳоннинг энг катта иқтисодиёти — АҚШга келганда осон ечимларни қўлламаяпти ва оқибатда минглаб ўзбекистонликлар оддий бюрократик омил сабаб кўп вақт, пул ва энергия йўқотмоқда.

Davletovuz’дан қўшимча

«Чиндан ҳам, Ўзбекистон Американи олабўжи кўришни тўхтатиб (агар муаммо шунда бўлса), АҚШ фуқаролари учун виза режимини бекор қилиши ва 10 йиллик визалар беришни бошлаши учун аллақачон фурсат етиб келган. Чунки бундан фақат ва фақат Ўзбекистон фуқаролари ютади. Ташқи ишлар вазирлигимиз, Америкадаги элчихонамизнинг асосий миссияларидан бири ҳам аслида ўзбекистонликлар учун қулай виза режимига эришиш бўлиши керак. Ўзбекларнинг қозоқ ёки қирғизлардан кам жойи йўқ. Американинг олдида ҳам».