Тошкент вилояти Бўка туманида қиймати 10 миллиард сўмдан зиёд қалбаки косметика воситаларини ишлаб чиқарган цех аниқланди, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га Божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, «Яллама» чегара божхона постида 3 млрд сўмдан ортиқ 21 турдаги косметика воситаларини яширинча олиб ўтмоқчи бўлган юк машинаси тўхтатиб қолинган. Ҳужжатларда улар кийим илгич, турли эҳтиёт қисмлар, хўжалик моллари каби 13 турдаги товар сифатида кўрсатилган.

Транспорт воситасида аслида юз учун крем, лосьон, юз ниқоби, ифор таратувчи суюқликлар, сурма каби косметик воситаларнинг идиш ва қутилари, уларни ишлаб чиқариш ва қадоқлашда фойдаланиладаган турли хом ашё, ёрлиқ ва ҳимоя қатламлари бўлган.

Шундан сўнг, божхона қўмитасининг тезкор тузилмалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тезкор тадбирларни давом эттирган. Натижада Бўка туманидаги омборлардан бирида хорижий брендлар номи остидаги косметика ва парфюмерия воситаларининг қалбаки нусхаларини ишлаб чиқарувчи яширин цеҳ фаолияти фош қилинган.

Цеҳда Европа мамлакатлари, Бирлашган Араб Амирликлари, Корея ва Хитой каби давлатларнинг 20 дан зиёд турли машҳур брендлари номи остида ишлаб чиқарилган 280 минг донадан ошиқ сифатсиз ва қалбаки косметика ва парфюмерия воситалари вақтинча сақловга олинган. Уларнинг умумий қиймати 10 млрд сўмдан ошмоқда.

Маълумот учун, бу турдаги маҳсулотлар мажбурий тартибда сертификатланадиган товарлар сирасига киради.