«Агробанк» Фарғона филиалининг собиқ мансабдорлари салкам 4 миллиард сўмни ўзлаштириб юборгани аниқланган, уларга нисбатан суд ҳукми ўқилди, дея хабар бермоқда банк матбуот хизмати.

Қайд этилишича, банкнинг ички аудит хизмати ўтказган аудит текширувларда филиал бошқарувчиси лавозимида ишлаб келган Х.О. ва бошқалар февраль ойида банкка 600 миллион сўм пул топширган омонатчининг маблағини март ойида бошқа мақсадларда чиқим қилган. Омонатчининг пластик картасига ўзларининг пулларидан банк орқали ойма-ой пул ўтказиб, пул маблағларини ўзлаштириб юборган.

Бундан ташқари, банк филиали собиқ ходимлари Fergana-Oseana қўшма корхонасининг 1,5 млрд сўм маблағини қалбаки ҳужжатлар асосида, бошқа собиқ мансабдорлари эса кунлик касса ҳужжатлари маълумотларини сохталаштириш йўли билан 1,8 млрд сўмни ўзлаштириб юборгани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар барча зарур ҳужжатлар Фарғона вилояти прокуратурасига юборилган. Улар асосида Фарғона филиали собиқ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва айбдорларга тегишли айблов эълон қилинган.

Хусусан, суднинг ҳукмига асосан Х.О. ва бошқаларга нисбатан жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а, г» банди (Жуда кўп миқдорда, компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва бошқа моддалари билан тегишли жазолар тайинланган ва етказилган зарарлар айбдорлардан ундирилган.

Модданинг ушбу бандлари билан айбдор деб топилганлар базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.