Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов энергия ресурсларининг энг йирик ишлаб чиқарувчиларидан бири сифатида Туркманистон уларни қардош мамлакатларга етказиб беришга ва етказиб бериш ҳажмини оширишга тайёр эканини таъкидлади. Бу ҳақда у 12 март куни Ашхободда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг Оқсоқоллар кенгаши йиғилишида гапириб ўтди, Бердимуҳамедовнинг нутқини «Туркманистон бугун» давлат ахборот агентлиги эълон қилди.

Бердимуҳамедов ҳозирги мураккаб халқаро шароитда туркий давлатларнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлиги ғоят муҳим эканини яна бир бор таъкидлаб, ташкилотга аъзо мамлакатлар халқлари ўртасидаги қардошлик муносабатларини мустаҳкамлаш алоҳида, устувор аҳамиятга эга эканини айтди.

«Бу тушунчалар барча қўшма лойиҳа ва ташаббусларнинг асосини ташкил қилиши керак», — деди Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси.

«Туркий давлатларнинг яқин ва самарали ҳамкорлиги уларнинг иқтисодий юксалиши, фаровонлиги ва рақобатбардошлигининг муҳим шартидир», — дея қўшимча қилди у.

Гурбангули Бердимуҳамедов энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида гапириб, мамлакат глобал энергетика бозорларининг беқарор шароитларида самарали, ишончли, ўзини ўзи таъминлайдиган ҳамкорлик моделини яратиш зарур, деб ҳисоблашини таъкидлади. Бу орқали ташкилотга аъзо давлатларнинг энергияга бўлган ўсиб бораётган эҳтиёжлари қондирилади.

«Энергия ресурсларининг энг йирик ишлаб чиқарувчиларидан бири сифатида Туркманистон уларни қардош мамлакатларга етказиб беришга ва етказиб бериш ҳажмини оширишга тайёр», — деди у. Айни пайтда мамлакат Ўзбекистон ва Қирғизистонга электр энергияси экспорт қилмоқда. Бундан ташқари, Туркманистон табиий газини Шарқий йўналишга жўнатиш бўйича ушбу давлатлар иштирокида йирик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилаётгани таъкидланди.

«Туркманистон табиий гази ва электр энергиясини Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркияга экспорт қилиш учун ҳам яхши имкониятга эгамиз. Биз қардош мамлакатларга энергия хавфсизлигини таъминлашда бундан буён ҳам ёрдам беришга тайёрмиз», — деди мамлакат Халқ Маслаҳати раиси.

Қайд этилишича, келгусида доимий ишлайдиган интеграциялашган энергия узатиш тизимини яратиш мумкин бўлади. Бу жараёнда туркий давлатлар географик яқинлиги, ресурс салоҳияти ва таъминот воситалари афзалликларидан тўлиқ фойдалана олади.