Ўзбекистондаги болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Сурайё Раҳмонова Самарқандда машинага кишанлаб қўйилган ўғил бола тасвирланган видеога изоҳ берди.

Болалар омбудсманининг маълум қилишича, жабрланувчи (2011 йилда туғилган) Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги «Қалқон-жасорат» ҳарбий спорт мактабининг 6-синф ўқувчиси саналади. Унинг васийлари Ж.С. ва Э.М. ушбу мактаб ўқитувчиси Х.Ш.дан болани «хулқи оғирлиги туфайли» Самарқанд вилоятидаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига юборишни сўраган.

Хабарда айтилишича, 15 март куни мактаб ўқитувчиси қочиб кетмаслиги учун болани ноқонуний равишда машинага кишанлаб қўйган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри Ички ишлар бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Болалар омбудсмани болага тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилаётганини маълум қилди.

«Бола қандай хулқда бўлишидан қатъи назар, унга нисбатан бундай ғайриинсоний, ноқонуний чора кўрилишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Бундай чора боланинг эркинлиги ва шахсий дахлсизлиги ҳуқуқига зиддир», — дейди Сурайё Раҳмонова.

Ўзбекистон «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг ёзишича, болани собиқ ҳуқуқ-тартибот ходими занжирбанд қилган.

Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ўсмирга ҳозирда малакали психологлар томонидан зарур ёрдам кўрсатилаётганини билдирди.

«Жамоатчиликни ларзага келтирган бу ҳодиса кўрилаётган чора-тадбирлар болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига барҳам бериш учун ҳали етарли эмаслигини кўрсатиб қўйди», — дейди у.

«Воқеа Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан назоратга олинган. Бироқ биз қуруқ баёнот билан чекланиб қолмай, жабрланувчининг соғломлаштирилиши, таълим олиши ва нормал шароитда яшаши учун барча зарур шароитлар яратилиши учун ғамхўрлик кўрсатади. Ким бўлишидан қатъи назар, қонунбузарга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланишига ишонтириб қоламан», — дея қўшимча қилди у.