Денис Соколов — кўчмас мулк соҳасидаги Commonwealth Partnership Uzbekistan (CMWP) халқаро консалтинг компаниясининг ҳамкори ва бош директори, Қироллик дипломли баҳоловчилар институтининг (RICS) аъзоси. У «Кўчмас мулк тили» номли туркум мақолаларида (рус тилида) кўчмас мулк бозорининг тузилиши ва хусусиятлари, унинг ривожланиши бўйича прогнозлар ҳақида сўз юритади.

Февраль охирида бўлиб ўтган UzBuild кўргазмасида Янги Тошкентни ривожлантириш концепцияси оммага тақдим этилди. 20 минг гектарни эгаллаган майдонда бир миллионга яқин одам истиқомат қилиши кутилмоқда. Ушбу лойиҳа жамоатчилик орасида бир қатор саволларни келтириб чиқарди. Ўзбекистонликлар лойиҳани амалга ошириш имкониятлари ва «йўлдош шаҳарни» қуришнинг мақсадга мувофиқлигига шубҳа билан қарамоқда.

Янги Тошкент — янги шаҳар қурилиши билан боғлиқ ягона ҳодиса эмас. Энг яқин мисол — Янги Москва — Москва вилоятининг 2012 йилда Россия пойтахтига қўшиб олинган қисми. Яна бир мисол — 1997 йилдан бери Қозоғистоннинг пойтахти ҳисобланган Остона шаҳри. Ўзи янги шаҳарлар нима учун қурилади?

Замонавий шаҳарлардан фарқли ўлароқ, тарихий шаҳарлар жамоат транспорти, марказлашган сув таъминоти, иссиқлиқ тармоғи ва XXI аср одами одатланган бошқа нарсалар мавжуд бўлмаган шароитларда шаклланган. Тарихий шаҳарларнинг вазифалари ҳам замонавий шаҳарларникидан фарқ қилган — буни айниқса аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барпо этилган Европадаги «қалъа шаҳарлар» (walled cities) мисолида яққол кўриш мумкин.

cmwp, денис соколов, кўчмас мулк тили, янги тошкент

Тарихий шаҳарларнинг ўзига хосликлари бугунги кунга қадар сақланиб қолган. Қалъаларда ўрта асрларга хос хусусиятлар, эски шаҳарнинг айрим қисмлари сақланиб қолган. Масалан, Бухоро, Самарқанд ва Тошкентнинг тор жин кўчалари давлат ва халқаро ташкилотлар муҳофазасида. Консерватив қонунчилик ва тартибга солиш анъанавий турмуш тарзини сақлашга қаратилган. Бунинг шарофати билан, бир томондан, тарихий осори-атиқалардан баҳраманд бўлиш имконига эгамиз. Бироқ, бошқа томондан, шаҳарсозлар, меъморлар ва қурувчилар хаёлотининг парвози, шунингдек, кўп ҳолларда айнан фуқароларнинг қулайлиги қонунчилик чекловларининг тор доирасида сиқиб қўйилади.

Бундай вазиятда самарасиз фойдаланилаётган ҳудудларда мерос ва чекловлардан холи янги шаҳар қуриш энг мақбул ечимдек кўринади. Бу шаҳарнинг ривожланиш салоҳиятини ҳамда, шунга мос равишда, бизнес ва одамлар учун жозибадорлигини сезиларли даражада ошириш имконини беради.

Оммавий уй-жой қурилиши аҳоли сонининг ўсишига олиб келади, деган нотўғри қараш мавжуд. Аслида одамлар кўп уй-жойлар қурилаётган ерга эмас, қаерда иш, таълим, маданият, ижтимоий муҳит мавжуд бўлса, ўша ерга боради. Туғилиш суръатлари юқори ва аҳолиси ёш бўлган Ўзбекистондек мамлакатда имкон қадар кўпчиликни иқтисодий фаолиятга жалб этиш, уларга таълим бериш ва зарур кўникмалар билан қуроллантириш учун ностандарт ечимларни қўллашни талаб этади.

cmwp, денис соколов, кўчмас мулк тили, янги тошкент

Тошкент бугун шундай имкониятларни тақдим этади ва аллақачон жозибадор шаҳар ҳисобланади. Бироқ аҳоли зичлиги меъёридан ортиб кетишининг олдини олиш учун шаҳарда аҳоли ўсиши ва ривожланишнинг уйғунлиги таъминланиши лозим. Бошқача қилиб айтганда, яқин 10−20 йил ичида шаҳар яна 2−3 миллион кишини қабул қилишига тўғри келишини англамоқ керак.

Янги Тошкент ғояси ўз-ўзидан ана шу эҳтиёжларга жавоб беради. Бундан ташқари, Янги Тошкент пойтахтда шундоқ ҳам шаклланиб улгурган кўп марказлиликнинг ривожланишига ҳисса қўшади. Бугунги кунда шаҳарда бир нечта марказлар мавжуд: тарихий марказ (Эски шаҳар), Россия империяси даврида қурилган Янги шаҳар. Янги Тошкент эса «Учинчи Ренессанс» маркази сифатида шаҳар тараққиётининг тўлиқ мантиқий давоми сифатида кўринади.

Бизнес бинолари нуқтаи назаридан кўчмас мулк соҳаси экспертлари асосий офис бинолари жамланган тўрт кластер — учта марказий ишбилармонлик ҳудуди ва Tashkent Cityʼни ажратиб кўрсатади. Дунёдаги аксарият тарихий шаҳарлар фаолиятнинг ягона марказда кучлироқ жамланганлиги билан ажралиб туради. Тошкентнинг ўзига хослиги шундаки, у табиий равишда кўп марказлиликни намойиш этади.

Янги Тошкентнинг бош режаси янги ҳудуднинг транспорт тизимини узлуксиз интеграциялашни назарда тутади. Дарҳақиқат, Янги Тошкентнинг асосий йўллари мавжуд транспорт артерияларининг давоми бўлади — у «йўлдош шаҳар» эмас, балки ҳудуднинг тўлақонли ривожланиши бўлади.

cmwp, денис соколов, кўчмас мулк тили, янги тошкент

Янги шаҳарни қуришнинг асосий муаммоси — бу жараённинг барча иштирокчилари учун — давлат, бизнес, унда яшовчи аҳоли учун — ўзларига зарур нарсани олиш имконини берадиган молиявий моделни яратишдир. Бунинг учун халқаро инвесторлар, девелоперлар ва фойдаланувчиларни жалб қилишга тўғри келади. Бу, ўз навбатида, Янги Тошкентни мамлакатнинг «бизнес пештахтаси» сифатида тақдим этиш имконини беради — бу орқали халқаро инвестицион компаниялар ва жамғармалар Ўзбекистоннинг салоҳиятини синаб кўриши мумкин.

Янги ҳудудларни ўзлаштириш кейинги ўн йилликнинг вазифаси бўлишига қарамай, ушбу лойиҳа бугунги куннинг ўзидаёқ иқтисодиётга ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Аҳоли ва бизнес учун шуниси муҳимки, ҳозирданоқ:

1. Шаҳар ҳудудининг ривожланиш истиқболи белгиланган. Бу бугунги куннинг ўзидаёқ аҳоли зичлигининг келгусида қандай ўзгариши ва шаҳар зичлиги марказининг шарққа силжишини тахмин қилиш мумкинлигини англатади.

2. Тахмин қилиш мумкинки, Янги Тошкент капиталнинг бир қисмини ўзига жалб қилади ва эски шаҳар ичидаги лойиҳалар учун молиялаштириш манбаларини топиш қийинлашади.

3. Лойиҳани амалга ошириш бугунги кунда лойиҳалаш, маркетинг, муҳандислик ва инфратузилма қурилиши соҳасида янги иш ўринларини яратишни тақозо этмоқда.

4. Давлат учун бу халқаро майдон ва форумларда тақдим этиладиган флагман лойиҳага айланади.

5. Янги Тошкент ўзига туташ ҳудудлар ривожланишига қўшимча туртки беради.

6. Тошкент шаҳрида қурилиши режалаштирилган турар-жой мажмуалари концепциялари янги ҳудудлар билан рақобат ўрнига синергияни таъминлаш мақсадида янги шаҳар истиқболларини ҳисобга олиши лозим.

Аҳоли сони ва иқтисодиёти ўсиб бораётган мамлакат учун янги ҳудудларни ривожлантириш — бу табиий жараён. Янги Тошкент қурилишига малакали ёндашиш муҳандислик-транспорт инфратузилмасига чидаб бўлмас юклама тушишининг олдини олади ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.