Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 4 март куни Бюджет жараёни ҳамда ички аудит фаолиятининг такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

14 март куни вазирлик қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этиб, унда назарда тутилаётган ўзгартиришлар юзасидан тақдимот қилди ва бунга қандай эҳтиёж борлигини тушунтирди.

Қонун лойиҳаси нима ҳақида?

Қонун лойиҳаси 7 та моддадан иборат бўлиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг Регламенти тўғрисидаги қонунлари ҳамда Бюджет кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Асосий ўзгариш сифатида Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисидаги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни кўзда тутмоқда. Унга кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳар ярим йилда (амалдаги тартибга кўра йилнинг ҳар чорагида) Қонунчилик палатасига Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги ахборотни ва зарур материалларни юборади.

Шунингдек, биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчилари учун белгиланган бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ мақсадли индикаторларнинг бажарилиши бўйича тегишли биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи раҳбарларининг ҳисоботларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳар олти ой якунида эшитиб борилиши белгиланмоқда.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Регламенти тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши ҳам назарда тутилган. Бунда, янгиланган Конституцияга асосан Давлат бюджет тўғрисидаги ҳисоботлар фақат Қонунчилик палатасига тақдим этилиши белгиланганлигини инобатга олиб, Сенатнинг ваколатлари қайта кўриб чиқилмоқда.

иқтисодиёт ва молия вазирлиги, парламент, қонун лойиҳаси

14 март кунги давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вакиллари қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш ишларини жадаллаштиришни сўраб, кенгайтирилаётган Давлат бюджети ҳисоботлари таркибига қўшимча равишда бюджет ссудалари тўғрисидаги ҳисоботларни ҳам киритишни таклиф қилди.

Президент администрацияси вакиллари лойиҳада назарда тутилаётган, ҳисоботларнинг даврийлиги бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар мамлакатнинг Ҳуқуқ устуворлиги индексидаги ўрнига қандай таъсир қилишини ўрганиш зарурлигини, шунингдек ички аудит тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчаларни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги таъкидлади.

Қонун лойиҳасида маълумотлар очиқлигини таъминлаш мақсадида Давлат бюджети ҳамда давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси тўғрисидаги ҳисобот турларини 5 тадан 10 тага кенгайтириш таклиф этилмоқда.

Амалдаги ҳисобот турлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

  1. Давлат бюджети ижросининг баланси.
  2. Давлат бюджети даромадларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот.
  3. Давлат бюджети харажатларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот.
  4. Бюджет ташкилотларининг дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрисидаги маълумотнома.
  5. Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари бўйича тармоқ, штатлар ва контингентга доир режанинг бажарилиши.

Уларнинг қаторида қуйидаги ҳисобот турларини ҳам жорий этиш назарда тутилмоқда:

  1. Давлат қарзи ҳолати тўғрисидаги маълумотлар.
  2. Юқори бюджетдан қуйи бюджетларга, давлат мақсадли жамғармаларига ажратилган трансфертлар тўғрисидаги ҳисобот.
  3. Бюджет тизими бюджетларининг чет эл валютасидаги пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот.
  4. Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ижроси тўғрисидаги ҳисобот.
  5. Бюджет ташкилотларининг номолиявий активлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот.

Бундан ташқари, туман ва шаҳарлар ҳокимликларига ҳар чоракда жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштириш бўйича маълумотларни ўз расмий сайтларига ҳамда «Очиқ бюджет» ахборот порталига жойлаштириш мажбурияти юкланмоқда.

Қуйидаги 4 турдаги ойлик ҳисобот жорий қилиниши ва улар «Очиқ бюджет» порталига жойлаштирилиши белгиланмоқда:

  1. Давлат бюджети даромадларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот.
  2. Давлат бюджети харажатларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот.
  3. Давлат бюджетидан ажратилган трансфертлар ҳаракати тўғрисидаги маълумот.
  4. Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ижроси тўғрисидаги ҳисобот.

Вазирлик ойлик ҳисоботлар жорий этилиши билан уларни таҳлил қилиб, кейинги харажатлар амалга оширилиши бўйича тавсиялар бериш имконияти яралади, деб ҳисобламоқда. Шунингдек, ҳисобот топшириш даврийлиги қисқариши (ҳар чоракда эмас, ҳар ярим йилда) уларни тайёрлаш ва тасдиқлаш жараёнини такомиллаштириши кутилмоқда.

Давра суҳбатида вазирлик вакиллари давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар топширилиши бўйича хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилганини таъкидлади. Жумладан, АҚШ, Швеция, Финляндия, Латвия, Эстония ва Австрия каби мамлакатларда фақат йиллик ҳисоботлар берилиши айтилди.

Шунингдек, Грузия, Озарбайжон, Украинада парламентга маълумот учун тақдим этилиши, Тожикистонда Президент администрациясига, Арманистонда Миллий Кенгашга ахборот тариқасида киритилиши, Қозоғистонда ҳукуматга тақдим этилиши, Россияда ҳукумат томонидан тасдиқланиб, Давлат Думасига киритилиши таъкидланди.

Шунингдек, Бюджет кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Жумладан: 29-моддада Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ваколатидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг таклифлари асосида иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун тасдиқланган бюджетдан ажратиладиган маблағларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига маъқуллаш учун киритишни чиқариб ташлаш белгиланмоқда.

29 ва 97-моддаларда Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар Олий Мажлиси палаталарига юборилишидан олдин уларнинг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши амалиётига чек қўйилмоқда.

31-моддада бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг ваколат доирасига бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида жорий харажатларини қайта тақсимлаш, жумладан тармоқни ривожлантириш давлат дастурларини амалга ошириш учун ажратилган маблағларни бир ривожлантириш дастуридан бошқа ривожлантириш дастурига қайта тақсимлаш орқали маблағларни мустақил тасарруф этиш ваколатини киритиш назарда тутилмоқда.

47-моддада Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижро этувчи дирекцияси Ҳисоб палатаси ва Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ҳар йили 1 майгача Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари лойиҳасини тақдим этиши белгиланмоқда.

50 ва 51-моддаларда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан резидент-юридик шахсларга берилган бюджет ссудалари, кредит линиялари ва чет давлатларга ажратилган кредитлар бўйича қайтариладиган асосий қарз (тани) суммаси даромад сифатида қабул қилинмаслиги белгиланмоқда ҳамда 51-моддада Республика бюджети даромадлари таркибидан қўшилган қиймат солиғидан қонунчиликда белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш билан тўловлар чегирилмоқда.

61-моддада тиббиёт ташкилотларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тиббиёт ташкилотига ажратиладиган бюджет маблағлари умумий ҳажмининг 10 фоизигача бўлган миқдорда бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан шакллантирилиши белгиланмоқда.

103-моддада Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг йиллик жамланма харажатлар сметасини тасдиқлаш муддатлари қайта кўриб чиқилмоқда.

120-моддада бюджет тизими бюджетларининг ижроси жараёнида бюджетдан ажратилган маблағларнинг ортиқча режалаштирилганлиги аниқланган маблағлар, штат бирликлари тўлдирилмаганлиги, шунингдек, тармоқ, штатлар ва контингентлар бўйича режа бажарилмаганлиги натижасида бўшаб қоладиган маблағларнинг устувор равишда иш ҳақи ва нафақалар миқдорини, айрим хизмат турлари бўйича тарифларни ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга йўналтирилиши белгиланмоқда.

121-моддадан Давлат харидлари амалга оширилиши тўғрисидаги эълонларни махсус ахборот порталида жойлаштириш жорий молия йилининг 10 декабридан кечиктирмасдан амалга оширилишини назарда тутувчи норма чиқариб ташланмоқда.

125-моддада Ягона ғазна ҳисобварағининг вақтинча бўш турган маблағлари Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг вақтинчалик касса узилишини қоплаш учун жорий молия йили мобайнида қисқа муддатларга жалб қилиниши мумкинлиги белгиланмоқда.

126-моддада Республика бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан фойдаланилган маблағлар бўйича Қонунчилик палатасига йилнинг ярим йиллиги ва йил якунида ҳисобот тақдим этилиши белгиланмоқда.

129-моддада «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси» маблағларининг бошқа мақсадларга ишлатилиши тақиқланмоқда.

143-моддада юридик ва жисмоний шахслардан, шунингдек чет давлатлардан тушадиган қайтарилмайдиган пул тушумлари ҳисобидан амалга ошириладиган харажатлар Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилмасдан амалга оширилиши белгиланмоқда.

149-моддада Давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда ўзининг жорий харажатлари таркибини қайта тақсимлашга рухсат берилмоқда. 14 март куни бўлиб ўтган давра суҳбатида молиячи, жамоатчилик вакили Отабек Бакиров қонун лойиҳасида назарда тутилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга нисбатан ижобий фикр билдириб, Давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг жорий харажатлари таркибини мустақил қайта тақсимлаш бўйича белгиланаётган ваколатларни қайта кўриб чиқиш лозимлигини таъкидлади.

150-моддада бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар томонидан харажатлар сметасига йилига кўпи билан тўрт марта ўзгартириш киритиш амалиётининг сонига чек қўйиш кўзда тутилмоқда.

152-моддада давлат томонидан жалб қилинган маблағлар тегишли бюджетлар ва давлат мақсадли жамғармаларининг даромадларини шакллантириш манбалари ҳисобланмаслиги, давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича асосий қарз тўловлари тегишли бюджетлар ва давлат мақсадли жамғармаларининг харажатлари таркибига киритилмаслиги ҳамда давлат қарзи ҳисоби алоҳида юритилиши билан бир қаторда давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилиши белгиланмоқда.

164-моддада Давлат активларини бошқариш агентлиги Молия вазирлигига ҳисобот даври учун давлат активлари билан боғлиқ тушумлар тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиши назарда тутилмоқда.

165 ва 166-моддаларда Давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармаларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисобот таркиби ва ҳисоботни тақдим қилиш муддатлари бўйича тегишли нормалар киритилмоқда.

1661-модда билан туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш бўйича маълумотларни ҳар чорак якунлари бўйича кейинги чорак биринчи ойининг 25 санасига қадар ўз расмий веб-сайтларига ҳамда «Очиқ бюджет» ахборот порталига жойлаштирилиши кўзда тутилмоқда.

167-моддада маҳаллий бюджетларнинг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботларни Ҳисоб палатасининг хулосаси билан биргаликда тегишинча Халқ депутатлари кенгашларига тақдим этиш муддати белгиланмоқда.

170-моддага ички аудит фаолиятига оид умумий қоидалар киритилмоқда;

177-моддада ҳисобот йили якуни бўйича жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларнинг бажарилишини молиявий назоратдан ўтказилиши ваколатли органга берилмоқда.

26-бобга ички аудит хизматлари фаолиятини ташкил этиш, ички аудит хизмати томонидан амалга ошириладиган ички аудит фаолияти ва тадбири, ички аудит миллий стандартлари ва ички аудит хизмати фаолияти бўйича ҳисоботга доир асосий нормаларни ўз ичига олувчи 1791, 1792, 1793 ва 1794-моддалар киритилмоқда ҳамда шу муносабат билан 26-боб номига ўзгартириш киритилмоқда.

Қонун лойиҳаси Бюджет кодексининг яна бир қанча моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.