Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, мулоқот давомида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва давлатлар ўртасидаги сўнгги йилларда тўпланган ижобий шериклик тажрибасига эътибор қаратилди.

Суҳбат давомида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш билан боғлиқ, жумладан, гендер тенглигини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди, дейилади хабарда.

Антониу Гутерриш Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ижобий ҳолатида Ўзбекистоннинг муҳим ролига алоҳида тўхталиб ўтди. «Президент Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан Марказий Осиё бугун аҳил-иноқ яшамоқда, мамлакатлар барча соҳаларда жадал ҳамкорлик қилмоқда. Ўзбекистон ташаббуси билан минтақа аёллари ҳам фаолияти ишончли қўлларда бўлган Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг ноёб мулоқоти доирасида бирлаша олди», — деди у.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ташаббусларини халқаро майдонда илгари суриш, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга доир аниқ таклифларни қўллаб-қувватлашда БМТ билан конструктив ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.

«Самимий ва амалий руҳда кечган мулоқот якунида Ўзбекистон ва БМТ ўртасида барча соҳаларда ўзаро манфаатли муносабатларни янада кенгайтиришга келишиб олинди», — дейилади Сенат хабарида.