Тошкент вилоятида 2 млрд 284 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний равишда фойдаланган ноқонуний майнерлар аниқланди. Бу ҳақда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси хабар қилди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Ички ишлар вазирлиги ва «Ўзенергоинспекция»нинг ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди.

Хусусан, Янгийўл шаҳрида яшовчи, 1993 йилда туғилган И.Н. 10 дона «Antminer L3++» русумли майнинг қурилмаларини ўзбошимчалик билан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, майнинг фаолияти билан шуғулланиши натижасида, давлат манфаатларига 1 млрд 19 млн 400 минг сўм миқдорида зарар етказган.

Қибрай туманида истиқомат қилувчи, 1998 йилда туғилган Р.Ж.нинг хонадони кўздан кечирилганда, у ҳеч қандай рухсатномасиз майнинг фаолияти билан шуғулланиб, 685 млн 939 минг сўмлик электр энергиясини талон-торож қилганлиги аниқланди ва ундан 2 та тўпламда бўлган майнинг қурилмалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Қибрай туманида кузатилган яна бир ҳолатда, 1982 йилда М.С. ўзининг яшаш манзилида криптовалюта ишлаб чиқариш фаолияти билан қонунга хилоф равишда шуғулланиб, 3 та тўпламда бўлган майнинг қурилмаларидан фойдаланиши натижасида, электр энергияси бўйича давлат манфаатларига 579 млн 474 минг сўм миқдорида зарар етказган.

Мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.