Маданият вазирлиги жамиятдаги «маданиятли инсонлар»ни аниқлаб, уларга маданий ҳордиқ чиқаришлари учун бепул чипталар совға қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда вазирлик вакили «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

11 март куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида вазирлик бошқарма бошлиғи Жасурбек Шермуҳаммедов газ ва электр энергиясидан қарзи бўлмаган, фаол ва «маданиятли фуқаролар» учун кешбэк йиғиб берилишини айтган эди.

«Газ ва электрдан қарзи йўқ, яхши яшаётган, маданиятли, жамиятга зарар етказмаётган аҳолига кешбек йиғиб бермоқчимиз. У жамият ҳаётида намунали ҳисобланади. Ҳозирда ушбу режамиз устида иш олиб бориляпти. Электрон ҳукумат доирасида кимнинг нимадан қанча қарзи борлиги тўғрисида тўлиқ ахборотни олиш имконига эга бўламиз», — деди Жасурбек Шермуҳаммедов.

кешбек, маданият вазирлиги, маданиятли инсонлар

Маданият вазирлиги бошқарма бошлиғи Жасурбек Шермуҳаммедов. / Фото: АОКА.

«Газета.uz» мухбири вазирликнинг янги лойиҳаси бўйича бир қатор саволларга жавоб олиш учун бошқарма бошлиғи Жасурбек Шермуҳаммедов билан суҳбатлашди. Унинг қўшимча қилишича, мазкур лойиҳа ташаббускори вазирлик ҳисобланиб, у ҳали тўлиқ ишлаб чиқилмаган, интеграция жараёнларига бироз вақт керак бўлади.

«Нафақат газ ва электр энергиясидан қарзи йўқ фуқаролар, балки судланмаган, жамият ҳаётида маъмурий жавобгарликка тортилмаган, йўл қоидабузарлиги бўйича жаримаси йўқ одамларга ҳам платформа орқали балл йиғиб борилади ва унга қараб рейтинг тузилади. Шундан сўнг йиғган баллидан келиб чиқиб, „намунали истеъмолчи“, „маданиятли инсон“ сифатида баҳо берилади. Уларга кешбэк эмас, давлат томонидан ўтказиладиган бепул тадбирлар: спектакллар, концертлар ва бошқаларга бориб, маданий ҳордиқ чиқариши учун электрон чипталар совға қилинади», — деди у.

Шермуҳаммедовнинг таъкидлашича, лойиҳага яна қўшимчалар киритилиб, у мукаммаллаштирилади.

«Рейтинг орқали аниқлаш ва рағбатлантириш механизмлари кенгроқ ҳамда тўлиқ ишлаб чиқилади, бунинг учун вақт керак. Бугунги кунда электрон ҳукуматда катта маълумотлар умумлашган ва у жуда ҳам яхши ишлаяпти. Бу борада электрон ҳукумат масъуллари билан ҳам маслаҳатлашилади ва электрон ҳукумат доирасида лойиҳа тизимларини бирлаштиришимиз керак. Лойиҳа механизми тўлиқ ишлаб чиқилгач, сўнг Вазирлар Маҳкамасига киритилади», — деди Жасурбек Шермуҳаммедов.