Самарқанд ва Фарғона вилоятларида сифати кафолатланмаган ҳамда тегишли ҳужжатлари бўлмаган дори воситаларининг савдосига чек қўйилди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Қайд этилишича, Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшовчи 35 ёшли фуқаро умумий қиймати 121 миллион 800 минг сўм бўлган — 2400 дона «Ампициллин», 1600 дона «Инфера», 1600 дона «Ферровелл железа гидроксид сахарозный комплекс» ва 125 дона «Гонадотропин хорионический» дори воситаларини Наманган шаҳридаги дорихоналарга юбормоқчи бўлган.

Бироқ шу пайтда у ашёвий далиллар билан ушланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази давлат муассасасининг хулосасига кўра, ушбу дорилар Давлат реестрига рўйхатга олинмагани ҳамда Сертификатлаштириш идоралари томонидан мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмагани аниқланди.

Таъкидланишича, сақлаш шароитига амал қилинмагани боис уларни республика ҳудудида сотиш, ташиш ва тиббиёт амалиётида қўллаш тақиқланади.

Мазкур шахс муқаддам шу турдаги жиноятни содир этгани учун 2023 йил Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165−1-моддаси билан жарима жазосига тортилган, дейилади хабарда.

Шунингдек, Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи 25 ёшли фуқаро Хитойда ишлаб чиқарилган 3600 дона «S-Gen» номли дори воситасини 46 млн сўмга сотган вақтида ушланган.

Ундан мазкур дориларнинг гўёки давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги сохта мувофиқлик сертификати ҳам ашёвий далил сифатида олинган. Бундан ташқари, унинг яшаш хонадонидан сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган 240 дона «ViVaNarin» номли дори воситаси ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186−3-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.