Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳри суди Ўзбекистондан Ҳиндистонга сотиш учун ноқонуний равишда олтин олиб чиқмоқчи бўлган икки нафар фуқарога нисбатан ҳукм ўқиди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар берди.

2023 йил 24 июль куни ДХХнинг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамда божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Наманган шаҳридан Тошкент шаҳрига ҳаракатланаётган Cobalt автомашинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган.

Наманган шаҳрида яшовчи 46 ёшли йўловчи К.Н.нинг ёнида ярим тайёр тилла занжир ҳолатидаги тилла тақинчоқ борлиги аниқланган.

Шунингдек, Поп тумани ҳудудида шу йўналишда ҳаракатланаётган Lacetti автомашинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Наманган шаҳрида яшовчи 33 ёшли йўловчи Ғ.O.да 29 дона ярим тайёр занжир кўринишидаги тилла тақинчоқлар борлиги аниқланган.

Маълум бўлишича, Ғ.О. нотаниш шахслардан жуда кўп миқдорда қуйма тилла сотиб олиб, заргарлар орқали кейинчалик сотиш учун занжир ясаган.

Ўз навбатида, К.Н. Тошкент аэропортида божхона назоратини четлаб ўтиб, тилла тақинчоқларни сотиш учун Ҳиндистонга олиб кетишни режалаштирган.

Экспертиза хулосасига кўра, 30 дона ярим тайёр тилланинг оғирлиги 1 килограмм 516 грамм, қиймати эса 1 миллиард 46 миллион сўмни ташкил этган.

Ғ.О. ва К.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 182-моддаси 2-қисми «а» банди билан (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни кўп миқдорда бузиш) жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳри суди Ғ.О.ни 3 йил, К.Н.ни эса 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.