Нью-Йорк шаҳрида (АҚШ) хотинини пичоқлаб, унга оғир тан жароҳати етказган 46 ёшли ўзбекистонлик эркак полиция ходимлари томонидан отиб ўлдирилди, дея хабар бермоқда New York Post.

Ҳодиса Квинс даҳасида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилаётган зиёфат пайтида юз берган. Воқеага эр-хотин Жамшид Неъматов ва Амира Неъматова ўртасида келиб чиққан жанжал сабаб бўлган.

Низо пайтида эр хотинига пичоқ билан зарба берган ва уни оғир жароҳатлаган. Воқеа жойига етиб келган полиция ходимлари эркакдан қўлидаги пичоқни ташлашни талаб қилган.

ақш, нью-йорк, пичоқлади, ўзбекистонлик

Бироқ у талабга бўйсунмаган, полиция ходимлари эса унга ўқ узишга мажбур бўлган. Оқибатда Жамшид Неъматов ҳалок бўлган. 43 ёшли хотини касалхонада даволанмоқда ва у эрининг ўлимидан хабардор эмас.

Оиланинг исмини ошкор этмаган қариндошининг айтишича, эркакнинг соғлиғида муаммолар бўлган.

Маълумотларга кўра, эр-хотин 20 йилдан буён бирга яшаб келган ва уларнинг 4 нафар — 23 ва 20 ёшли икки қизи ҳамда 17 ва 14 ёшли икки ўғли бор.