АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистонда барқарор ва инклюзив иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга қаратилган «Бизнесни қўллаб-қувватлаш» лойиҳасини ишга туширди. 5 март куни дастурнинг тақдимоти ўтказилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Қайд этилишича, бизнесни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси беш йилга мўлжалланган бўлиб, USAID бунинг учун 17,7 миллион доллар миқдорида маблағ ажратишни режалаштирган. Мазкур лойиҳа иккита асосий мақсадга эришишга қаратилган: хусусий сектор ўсишида тўсиқларни бартараф этиш ҳамда секторда инвестициялар ва молиялаштириш имкониятларини ошириш.

Лойиҳа тўртта асосий йўналиш: ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ), туризм, текстил ҳамда яшил иқтисодиётда кичик ва ўрта бизнесларнинг рақобатбардошлигини оширишни қамраб олади.

Тадбирда нутқ сўзлаган USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Девид Хофманнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа мамлакатда бизнес ривожланиши ва инновациялар учун янада қулай муҳит яратишга, Ўзбекистоннинг умумий иқтисодий фаровонлигига ҳисса қўшади.

usaid, бизнесни қўллаб-қувватлаш

USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Девид Хофман

«Бугун биз „Бизнесни қўллаб-қувватлаш“ лойиҳаси орқали муҳим ташаббусга қўл урмоқдамиз. Бу Ўзбекистоннинг фаровон, инклюзив ва барқарор келажаги йўлидаги умумий интилишларимизнинг муҳим тамал тоши ҳисобланади. Ривожланиш йўлидаги асосий тўсиқларни бартараф этиш ва хусусий сектор фаоллигини қўллаб-қувватлаш орқали бизнесда, айниқса аёллар ва ёшлар бошчилигидаги корхоналар учун янги имкониятлар яратишни мақсад қилганмиз. Лойиҳа доирасидаги ҳамжиҳатлигимиз, саъй-ҳаракатларимиз нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақага фойда келтирадиган янада барқарор ва рақобатбардош иқтисодиётга йўл очади», — деди Девид Хофман.

«Бизнесни қўллаб-қувватлаш» дастури доирасида лойиҳаларни ҳамкорликда молиялаштириш йиллик дастур баёноти ҳам эълон қилинди. Умумий қиймати 1,8 миллион долларга тенг бўлган ушбу дастур ҳам АКТ, туризм, текстил ҳамда яшил иқтисодиёт йўналишларида тадбиркорлик ва бизнес муҳитини яхшилаш мақсадида йўлга қўйилмоқда. Лойиҳа аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги ҳамда эҳтиёжманд аҳоли вакиллари учун имкониятларни кенгайтиради.

Лойиҳа менежерларидан бири Усмон Раҳимжоновнинг «Газета.uz» мухбирига айтишича, қиймати 1,8 миллион долларни ташкил этувчи дастурга хусусий сектор салоҳиятини мустаҳкамлаш, иш жойларини кенгайтириш, экспорт ҳажмини оширишга оид лойиҳалар қабул қилинади ва уларга грант маблағлари ажратилади. «Бунда хусусий сектор вакиллари, яъни кичик ва ўрта тадбиркорлар, бизнесни ривожлантириш ташкилотлари, уюшмалар ўз лойиҳалари билан иштирок этиши мумкин. Шахсий бизнесни ривожлантиришга қаратилган ва стартап лойиҳалар қабул қилинмайди, грант ҳам берилмайди», — деди Усмон Раҳимжонов.

Унинг сўзларига кўра, грант олиш жараёни икки босқичли бўлиб, биринчисида ариза берувчилар томонидан лойиҳа концепцияси тақдим этилади. Иккинчи босқичда эса сараланган аризачилар томонидан тўлиқ лойиҳа аризаси қабул қилинади. Таклиф этилаётган дастурларнинг давомийлиги 12 ойгача бўлиши керак.

«Танланган лойиҳаларга 25 минг доллардан 100 минг долларгача грант маблағи ажратилади. Иштирокчилар камида 50 фоиз қўшма инвестиция тақдим этиши керак. Аёллар, ёшлар ва эҳтиёжманд гуруҳлар учун эса бу миқдор 20 фоизгачани ташкил этади», — деди лойиҳа менежери Усмон Раҳимжонов.