Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари Ўзбекистон мактабларидаги инфратузилма ва таълим сифатига таъсир этувчи омилларни аниқлаш мақсадида тадқиқот ўтказиб, мамлакатда таълим сифатига салбий таъсир кўрсатаётган бир қатор омиллар мавжудлиги аниқлади. Ўқувчиларнинг 33 фоизи иккинчи ва учинчи сменаларда ўқимоқда.

2022−2023 ўқув йилида республикада 10 минг 522 та умумтаълим мактаби фаолият юритган (194 таси хусусий), мактаблар сони 2021−2022 ўқув йилидагига нисбатан 233 тага ошган. Ўқувчилар сони 6 млн 461 минг 741 нафарни ташкил этган (уларнинг 0,71 фоизи хусусий мактабларда). Мактаблар эса 5 млн 283 минг 916 нафар ўқувчи учун мўлжалланган, яъни 1 та ўқувчи ўрнига 1,2 нафар ўқувчи тўғри келмоқда.

Бунинг оқибатида республикадаги умумтаълим мактабларининг 5 таси учта сменада ва 4 минг 777 таси иккита сменада фаолият юритади. Иккинчи ва учинчи сменада ўқийдиган ўқувчилар сони 2,1 млндан ошиқ бўлиб, жами ўқувчиларнинг 33 фоизини ташкил этади.

Умумтаълим мактабларининг 64,2 фоизида ошхона ёки буфет, 95 фоизида кутубхона, 79 фоизида спорт зали бор. Мактабларнинг бор-йўғи 30 фоизи канализацияга эга, 70,5 фоизида «водопровод» мавжуд. Умумтаълим мактабларининг 99 фоизи иситиш тизимига эга.

Республикада фаолият юритаётган умумтаълим мактабларининг 15,9 фоизи (1658 та) капитал таъмирга муҳтож. Уларнинг 63 фоизи қишлоқ ҳудудларида жойлашган. Бухоро вилоятидан ташқари барча ҳудудларда таъмирлашга муҳтож мактаблар мавжуд.

Ушбу мактабларнинг катта қисми Тошкент (219 та), Сурхондарё (209 та) ва Қашқадарё (204 та) вилоятларида жойлашган. Мактабларнинг 4,3 фоизи (451 та) авария ҳолатида, уларнинг ҳам катта қисми, яъни 60,7 фоизи қишлоқ жойларга тўғри келади. Авария ҳолатидаги мактабларнинг асосий қисми Қашқадарё (101 та) вилоятида жойлашган.

Умумтаълим мактабларининг 98 фоизида компьютер синфлари мавжуд. Ҳар бир мактабга 1,4 тадан компьютер синфи тўғри келади.

«Айтиб ўтиш жоизки, қишлоқларда жойлашган мактабларнинг 98,5 фоизида компьютер синфлари мавжуд. Умумтаълим мактабларидаги ҳар бир ўқувчига 0,03 та компьютер тўғри келади, қишлоқ жойларда ушбу кўрсаткич 0,04 га тенг. Ушбу кўрсаткич дунё мамлакатлари билан солиштирганда анча паст, масалан ҳар бир ўқувчига Қозоғистонда 0,72 та, Озарбайжонда 0,55 та, Беларусда 0,55 та, Туркияда 0,25 та, умумий Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти мамлакатларида эса 0,85 та компьютер тўғри келади», — дея қайд этган экспертлар.

Компьютерларнинг 71,6 фоизи интернет тармоғига уланган, қишлоқ жойларда эса 69,4 фоизи. Ушбу кўрсаткич бўйича ҳам маҳаллий мактаблар хорижий мактаблардан ортда қолмоқда. Хусусан, Туркияда 92 фоизи, Озарбайжонда 80 фоизи, Беларусда 85 фоизи интернет тармоғига уланган.