Ўзбекистонда 2024 йилги Наврўз умумхалқ байрами «Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!» деган бош ғоя асосида барча ҳудудларда умумхалқ сайиллари шаклида нишонланади. Бу ҳақда 4 март куни чиқарилган [ПҚ-113-сонли] президент қарорига кўра, байрам муносабати билан республикада ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига қаратилган умумхалқ ҳашарлари ўтказилади.

Бу йилги Наврўз байрами Рамазон ойида нишонланишини инобатга олиб, кекса авлод вакилларини, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама эъзозлаш, «Меҳрибонлик», «Саховат» ва «Мурувват» уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, улар учун дастурхонлар ташкил этиш ҳамда турли хайрия тадбирларини амалга оширилади.

Тошкент шаҳридаги «Янги Ўзбекистон» мажмуасида алоҳида дастур асосида халқ сайилларини ташкил этилади. Тадбир уюштириладиган асосий майдонлар, кўча ва хиёбонлар миллий услубда байрамона безатилади.

Байрам тадбирлари давомида ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий спорт турлари бўйича мусобақаларни ўтказиш, китоб кўргазмалари, арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари, кўчма савдо дўконларини ташкил этиш, кўклам таомларини тайёрлаш ҳамда уларнинг кўргазма-савдолари ва танловлари уюштирилади. Тадбирлар оммавий ахборот воситаларида ёритилади.

Тантаналар Тошкент шаҳрида республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда молиялаштирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда тегишли маҳаллий бюджетлар ҳамда жойлардаги ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади.