Ўзбекистонда 2019 йилдан ҳозирга қадар Олий суднинг 80 дан зиёд ҳал қилув қарори асосида 1000 дан ортиқ манбаа тақиқланган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълум қилди.

Хусусан, Facebook, «Одноклассники», Instagram ва TikTok ижтимоий тармоқлари, Telegram мессенжери, YouTube видеохостинги ва бошқа 1000 дан ортиқ манбаа ва улардаги материаллар диний ақидапарастлик, экстремистик ва террористик ғояларини тарғиб этишга йўналтирилган деб топилиб, уларни Ўзбекистон ҳудудида тайёрлаш, тарқатиш, сақлаш, олиб кириш ва намойиш этиш тақиқланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги «Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига кўра, ҳар қандай диний мазмундаги материаллар диншунослик экспертизасидан ўтказилиши ва экспертизанинг ижобий хулосаси уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши, олиб кирилиши ва тарқатилиши учун асос бўлиб хизмат қилади.

Олий суд эслатишича, Жиноят кодексининг 244−1-моддасига мувофиқ диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, худди шунингдек фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш, шунингдек, диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилишга олиб келади.

Юқоридаги ҳаракатлар:

  • олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан;
  • хизмат мавқеидан фойдаланиб;
  • диний ташкилотлардан, шунингдек чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб;
  • оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади.

«Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, шуни қайд этиш жоизки, ёш авлодни ёт ғоя, турли хил бузғунчи оқимлар таъсирига тушиб қолишдан асраш мақсадида жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва қонун устуворлигини таъминлашимиз талаб этилади», — дейди Азиз Обидов.

Олий суд томонидан мамлакат ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган манба ва контентлар (материаллар) рўйхати билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.