Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги 3,1 гектар ер участкасида товарларни сақлаш ва сотиш, транспорт ва бошқа замонавий хизматлар инфратузилмасини ташкил этиш учун «Ўзбекистон-Туркманистон» эркин савдо зонаси ташкил қилинади.

Президентнинг 28 февралдаги қарорига кўра, бунинг учун ҳудуддаги суғориладиган 3,1 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилади. Бунда нобудгарчиликлар ўрнини қоплаш бўйича компенсация тўловлари ундирилмайди.

Савдо зонаси кейинчалик узайтириш имкони билан 30 йил фаолият кўрсатади ва уни бошқариш вазифаси «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонаси дирекциясига юклатилади.

Қарорда келтиришича, у ерда фақат Ўзбекистон ва Туркманистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сотилади. Маҳсулотлар замонавий технологиялар асосида қабул қилинади, сақлаб, сараланади. Чакана савдо операцияларини амалга ошириш ҳуқуқи берилган «эркин божхона зонаси» божхона режими амал қилади. Ўзбекистонда бўлган хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳужжатини кўрсатиб, назорат ўтказиш пункти орқали ўтади ва қайтади. Шахслар, транспорт воситалари ва юклар эркин ҳаракатланади.

Шунингдек, савдо зонасига киришда маҳсулотларга божхона тўловлари тўланмайди ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланмайди.

Туркманистон ва ушбу давлат орқали ташриф буюрувчи чет эл фуқаролари визасиз тартибда, шахсни тасдиқловчи ҳужжат орқали кириши, 15 кун мобайнида ҳудудда бўлиш ва кирган назорат пункти орқали чиқиши мумкин.

Дирекция Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда савдо зонасидаги бино ва иншоотларни тадбиркорлик субъектларига электрон онлайн аукцион савдолари асосида ижарага беради.

Савдо зонасининг бош режаси ва унда жойлаштириладиган объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда қурилиши билан боғлиқ барча харажатларни молиялаштириш учун Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан Дирекцияга 3 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга зарур маблағларни ажратилади.

1 майга қадар савдо зонаси ҳудудида ишга тушириладиган объектларнинг лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилади. «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси савдо зонасининг бош режасини ҳамда қуриладиган бино ва иншоотларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қуриш бўйича буюртмачи бўлади. Бош режа ва қуриладиган бино ва иншоотларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳа ташкилоти ҳамда пудрат ташкилоти белгиланган тартибда танлов (тендер) савдоларига асосан аниқланади, дейилади қарорда.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев ҳамда Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Рахимов қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар бўлди.

визасиз режим, ўзбекистон-туркманистон, эркин савдо зона

Фото: Lex.uz