18 апрелдан Qanot Sharq авиакомпанияси Тошкент-Прага-Тошкент йўналишида тўғридан-тўғри мунтазам рейсларни амалга оширишни бошлайди, дея хабар бермоқда компания матбуот хизмати.

Парвозлар ҳафтада бир марта — пайшанба кунлари амалга оширилади:

  • Тошкентдан учиш — 10:30, Прагага қўниш — 14:30;
  • Прагадан учиш — 16:00, Тошкентга қўниш — 01:00.

Бир томонга чипта нархи 4 451 142 сўмдан бошланади. Нархлар эълон қилинган пайтда амал қилади. Улар ҳақида батафсил авиакомпания сайтида танишиш мумкин.

Компания бош директори Моисей Пак мазкур рейснинг ишга туширилиши авиакомпаниянинг Европа шаҳарларига йўналишлар очиш режасидаги биринчи поғонаси эканини қайд этди. Прага аэропортининг авиация бизнеси директори Ярослав Филип Ўзбекистон билан алоқалар улар учун йилнинг устувор йўналишларидан бири эканини тасдиқлади.

«COVID-19 пандемиясидан олдин Чехияга Марказий Осиё давлатларидан деярли 70 минг сайёҳ ташриф буюрган. Янги йўналиш бажарилишининг биринчи йили давомида ундан 15 000 дан ортиқ йўловчи фойдаланишини кутмоқдамиз. Шу билан бирга, янги рейслар юк авиаташувини ривожлантиришга хизмат қилади», — деди Ярослав Филип.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент-Прага йўналишидаги парвозлар охирги марта 2014 йилда амалга оширилган. Ўша йилнинг октябрь ойида Czech Airlines (Чехия ҳаво йўллари) Ўзбекистонга парвозларни тўхтатган. Бундай қарорга ушбу йўналишда рентабеллик бўлмагани сабаб келинган.

Чехия авиакомпанияси Ўзбекистонга парвозларни 2009 йилда бошлаган, 2012 йилда эса мамлакатда авиакомпания ваколатхонасини очган.