1 март куни «Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори [ПҚ-108-сон] қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2024 йил 1 сентябрдан:

  • суғуртанинг барча турлари бўйича суғурта (қайта суғурта) шартномаларини ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали рўйхатдан ўтказиш ва суғурта полисларини ушбу тизим орқали расмийлаштириш мажбурий ҳисобланади;
  • барча суғурта турлари бўйича суғурта полисларини фақат қоғоз шаклда расмийлаштириш амалиёти бекор қилинади;
  • суғурта полисларини ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали расмийлаштирмаслик уларни ҳақиқий эмас деб топишга асос бўлади ҳамда суғурталовчи томонидан лицензия талаблари ва шартларини бир марта қўпол равишда бузиш ҳисобланади;
  • Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги суғурталовчилар томонидан кўрсатиладиган суғурта хизматлари сифати бўйича суғурталовчилар рейтингини юритади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

Қуйидагиларга шартномаларнинг ўз вақтида расмийлаштирилишини таъминлаш мажбурияти юклатилади:

  • Cолиқ қўмитаси ва Транспорт вазирлигига иш берувчининг ва ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаларини;
  • Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясига хавфли ишлаб чиқариш объектида авария юз берган тақдирда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига ҳамда атроф-муҳитга зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаларини;
  • Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига объектларни давлат маблағлари ва ҳукумат кафолати остидаги кредитлар ҳисобига барпо этишда қурилиш таваккалчиликларини мажбурий суғурта қилиш шартномаларини.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги суғуртанинг юқорида кўрсатилган турлари бўйича шартномаларнинг мажбурий тузилиши бўйича тегишли тизимни (модуллар, дастурий маҳсулотлар) ишлаб чиқиш ва жорий этиш учун масъул этиб белгиланди.

Агентлик:

  • 2025 йил 1 январдан бошлаб суғурталовчиларнинг ҳисоботларини соддалаштириш, автоматлаштириш ва ягона ахборот тизимида шакллантиришга босқичма-босқич ўтиш чораларини кўради;
  • суғурта таваккалчилиги даражасига сезиларли таъсир кўрсатувчи ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта тарифларини актуар ҳисоб-китобларга асосан қайта кўриб чиқиб, уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;
  • манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда суғурта мукофотларини ҳисоблашни автоматлаштириш, суғурталовчини танлаш ҳуқуқи билан электрон шаклда шартномани мажбурий тузиш имкониятини яратиш орқали мажбурий суғурта шартномаларини тузиш жараёнлари соддалаштирилишини таъминлайди;
  • икки ой муддатда суғурта қилдирувчиларни (жабрланувчиларни) мажбурий суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар бўйича давлат божини тўлашдан озод этиш бўйича қонун лойиҳасини киритади.

Шартномаларни тузиш, суғурта мукофотларини ҳисоблашни автоматлаштириш ва суғурта ҳодисалари бўйича аризаларни электрон шаклда юбориш тизимини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш учун қонунчилик ҳужжатлари талабларига, шунингдек, Агентликнинг техник шартлари ва талабларига мувофиқ келадиган ташкилотларни ҳамкорлик келишуви асосида жалб этишга рухсат берилади.

2024 йил 1 сентябрдан бошлаб мажбурий суғурта шартномаларини тузиш Агентликнинг, Манфаатдор вазирлик ва идораларнинг, шунингдек, бошқа жалб қилинган ташкилотларнинг ахборот тизимлари орқали оммавий оферта шаклида амалга оширилади.