Американинг «Nobel Systems» компанияси ҳамда «Ўзсувтаъминот» АЖ ҳамкорлигидаги 430 минг долларлик «Digital Twin» рақамли лойиҳаси ўз ниҳоясига етди. 21 февраль куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси қароргоҳида мазкур лойиҳа якунига бағишланган тадбир ўтказилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Тадбирда элчи Жонатан Хеник, «Ўзсувтаъминот» бошқаруви раиси в.б. Дилшод Азимов ҳамда Nobel Systems компанияси раҳбарияти ва бошқалар иштирок этди.

ustda, ақш элчихонаси, жиззах вилояти, сув  таъминоти

Қайд этилишича, «Digital Twin» рақамли лойиҳаси мамлакат сув инфратузилмасининг реал вақт режимида виртуал тасвирини яратиш учун илғор технологияларни қўллаш орқали Ўзбекистонда сувни бошқариш амалиётида инқилобий ўзгаришлар қилишга қаратилган.

Маълум қилинишича, АҚШ Савдо ва тараққиёт агентлиги (USTDA) 2022 йил апрелида «Ўзсувтаъминот»га техник-иқтисодий асослашни амалга ошириш учун 430 минг доллар грант маблағи ажратган. Лойиҳа Жиззах шаҳрининг 16 мингга яқин аҳоли яшовчи учта: «Дўстлик», «Иттифоқ» ва «Ёшлик» маҳаллаларида амалга оширилди ва 2023 йил декабрида якунланди.

«Бу лойиҳа сув сарфини минималлаштириш, энергия таннархини камайтириш ҳамда сув барқарорлиги ва ресурсларни бошқаришни рағбатлантиришга қаратилган сув ресурсларини бошқариш ва техник-иқтисодий таҳлилга интеграциялашган ёндашувни белгилашни мақсад қилган эди. Ушбу ташаббус мавжуд сув инфратузилмасини таҳлил қилишга ҳамда самарали, ишончли ва барқарор сув таъминотини таъминлаш учун потенциал янгилаш ёки кенгайтириш имкониятларини баҳолашга интилади», — деди «Nobel Systems» компанияси президенти Майкл Самуел.

ustda, ақш элчихонаси, жиззах вилояти, сув  таъминоти

Маросимда лойиҳанинг асосий ютуқлари сифатида қуйидагилар таъкидланди:

— реал вақтда мониторинг: «Digital Twin» тизими реал вақт режимида бутун сув инфратузилмасини мониторинг ва таҳлил қилиш имконини беради. Бу эса тезкор қарорлар қабул қилиш ва проактив бошқарув стратегияларини ишлаб чиқишга имкон яратади;

— башоратли таҳлил: илғор таҳлиллардан фойдаланган ҳолда тизим потенциал муаммоларни башорат қилади, ресурслар тақсимотини оптималлаштиради ва сув исроф қилинишининг олдини олади;

— ўсиб борувчи самарадорлик: «Digital Twin»нинг жорий этилиши сув тақсимоти самарадорлигини сезиларли даражада ошириб, операцион харажатларни ва атроф-муҳитга таъсирини камайтирди.

«Жиззах сув таъминоти» АЖ директори вазифасини бажарувчи Бобур Раҳмонбердиевнинг сўзларига кўра, сув таъминотини рақамлаштириш тизими ҳар бир хонадон қанча сув истеъмол қилишини аниқлаш ва сув босимини бошқаришга йўналтирилган. Бу эса сув таъминотидаги авария ҳолатларини тезкор аниқлаш ва йўқотилган сув ҳажмини ҳамда тизимни тиклаш учун қанча маблағ сарфлашни ҳисоблашга ёрдам беради.

ustda, ақш элчихонаси, жиззах вилояти, сув  таъминоти

«Шунингдек, тармоқдаги авариялар ҳолатларини олдиндан билиш имкони ҳам яратилди. Лойиҳа орқали камроқ ишчи кучи ишлатиб, электр энергиясини камроқ сарфлаб, сифатли сув етказиб беришни мақсад қилганмиз», — деди у.

Бобур Раҳмонбердиевнинг айтишича, лойиҳа йўлга қўйилган 3 та маҳаллада авариялар сони 85 фоизга, уларни бартараф этиш харажатлари эса 83 фоизга камайган.