Тошкент вилоятидаги мактабда ўқувчилар ўртасидаги жанжални бартараф этмоқчи бўлган Миллий гвардия ходимига жароҳат етказилди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар берди.

Воқеа 1 март куни соат 13:00 ларда Тошкент вилояти Зангиота тумани «Боғишамол» МФЙдаги 4-сонли умумий ўрта таълим мактабида содир бўлган. Ўша куни хизмат вазифасини бажараётган Миллий гвардия ходими юқори синф ўқувчилари мактаб орқа тараф ҳовлисида ўзаро жанжаллашаётганини кўриб қолиб, ҳолатни бартараф этишга киришган.

Шу вақтда профилактика инспектори ҳам етиб келиб Миллий гвардия ходими билан биргаликда ўқувчиларни тинчлантиришга уринганида ушбу мактабнинг 10-синф ўқувчиси М.Б. чақируви билан ташқаридан етиб келган акаси ҳамда унинг икки шериги эса ходимларнинг огоҳлантиришига қарамасдан, жанжалга аралашган. Тарафларнинг хатти-ҳаракатларини ва қаршиликларини тўхтатиш чорасини кўрган Миллий гвардия ходимига шу жойда тан жароҳати етказилган.

Мактабдаги ташвиш тугмаси орқали чақирилган ҳамда тезкорлик билан етиб келган Қўриқлаш тезкор гуруҳи томонидан ҳолат тўлиқ бартараф этилган ҳолда Миллий гвардия ходимининг хизмат вазифасини бажаришига қаршилик қилганлар қўлга олиниб, туман ички ишлар бўлимига топширилган.

Дастлабки суриштирув ишлари давомида ташқаридан мактаб ҳудудига кириб, жанжалга аралашган ва ходимларга фаол қаршилик кўрсатган фуқаро ушбу мактабнинг 10-синф ўқувчиси М.Б.нинг акаси Тошкент вилояти Зангиота туманида истиқомат қилувчи 20 ёшли И.Б. экани аниқланган.

Ҳолат бўйича Зангиота тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219 моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, И.Б. ушланган. Унга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш ҳақидаги масала ҳал қилинмоқда.

Шунингдек, ушбу ҳолат юзасидан жиноятга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш борасида ҳам тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.