1 март, жума кунига ўтар кечаси бутун Қозоғистон бўйлаб расман ягона UTC+5 вақти ўрнатилди. Мамлакат ҳукуматининг қарорига биноан соат миллари Астана, Олмаота ва Чимкент шаҳарларида, шунингдек, Оқмола, Олмаота, Жамбил, Қарағанда, Қўстанай, Павлодар, Шимолий Қозоғистон, Туркистон, Шарқий Қозоғистон, Абай, Жетису ва Улйтау вилоятларида бир соат орқага сурилди.

Илгари Қозоғистонда иккита: UTC+5 ва UTC+6 вақт зонаси бор эди. Мамлакатнинг кўп қисми UTC+6 зонасида жойлашганди. Соат алмаштирилгандан сўнг, бутун Қозоғистон Европага бир соат яқинлашди, лекин шу билан бирга у 1949 йилдан бери бир вақт амал қиладиган Хитойдан бир соат узоқлашди.

Шунингдек, Ўзбекистон билан минтақадаги вақт тенглашди. Шу вақтгача мамлакат билан ўртадаги фарқ 1 соат — Қозоғистонда олдинроқда эди.

utc+5, соат, қозоғистон

timeanddate.com/time/map/

Қозоғистонда ягона вақт минтақаси таклифини олимлар беришгани айтилади. 2020 йилда Қозоғистоннинг ягона вақт минтақасига ўтиши ташаббускори Олмаотада жойлашган Василий Фесенков номидаги Астрофизика институти бўлган. Астрофизиклар ўз таклифларини мамлакатнинг аксарият қисми ўз табиий вақтига қараб яшамаслиги билан асослади. Ҳукуматга кўра, UTC+5 га ўтиш «энг тўғри ва мақбул вариант» бўлиб, унда Қозоғистоннинг аксарият минтақалари табиий вақтга энг яқин вақтдан фойдаланадилар.

Мамлакатнинг кўплаб аҳолиси ягона вақт минтақаси жорий этилишида мантиқни кўрмаяпти. Қозоғистонда ягона вақт зонасини жорий этиш тўғрисидаги қарор мамлакатдаги айрим аҳолининг норозилигига сабаб бўлди. Ҳукумат томонидан таклиф қилинган 2000 йилдан бошлаб «Қозоғистон Республикаси ҳудудида вақтни ҳисоблаш тартиби тўғрисида» ги қарорга киритилган ўзгартиришлар лойиҳасини ҳукуматнинг расмий веб-сайтида муҳокама қилиш статистикаси шундан далолат беради.

2023 йилнинг 22 декабрида бошланган лойиҳанинг уч соатлик онлайн муҳокамаси давомида Қозоғистоннинг 87 нафар аҳолиси ягона вақт зонасига ўтиш учун овоз берди, 945 киши унга қарши овоз берди. Худди шу вақтнинг ўзида ҳукумат модераторлари яна 2000 га яқин қозоғистонликларнинг овозларини кўриб чиқишдан бош тортди.