Бухоро давлат тиббиёт институтининг ҳиндистонлик талабаси ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этди. Бу ҳақда олийгоҳ матбуот хизмати хабар берди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2003 йилда туғилган, институтнинг иккинчи курсида ўқиган Н.Н. 28 февраль куни талабалар турар жойидаги хонасида ўзини ёмон ҳис қилган ва тез ёрдам чақиртирилган. Сўнг уни Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасига олиб боришган.

Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, йигит, дастлабки ташхисга кўра, икки томонлама ўпкаларнинг тотал пневмонияси оқибатида юзага келган ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этган.

Ўз вақтида маъмурият томонидан Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамда талабанинг яқинлари хабардор қилинди, дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан Бухоро шаҳри прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.