7 март куни Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ»нинг 5-павилионида «Савицкий кундаликлари. Қадимий ва навқирон» номли янги мультимедиа кўргазма лойиҳаси ўз ишини бошлайди, дея хабар бермоқда Маданият ва санъатни ривожалнтириш жамғармаси матбуот хизмати.

Кўргазмада томошабинлар Игор Савицкий номидаги давлат санъат музейининг сара тўпламларига мансуб асарларни томоша қиладилар. Уларда Марказий Осиё тарихи ва маданияти ҳамда минтақа қиёфасини ўзгартириб юборган ХХ аср тасвирий санъати олами тасвирланган.

«Савицкий кундаликлари. Қадимий ва навқирон» кўргазмаси томошабинларни Ўзбекистон заминидан илҳомланган мусаввирларнинг ижод сўқмоқлари бўйлаб етаклайди. Аксарият ҳолларда улар ижтимоий ҳаёт марказлари ҳисобланмиш бозор ёки чойхоналарни тасвирлаганлар. Айниқса, замонавийлик ва анъаналарнинг уйғунлиги кўчалар, транспорт ва турфа либосларга бурканган кишиларни гавдалантирувчи шаҳар саҳналарида алоҳида ёрқин намоён бўлган.

Игор Савицкий тўплаган коллекциялар санъатнинг бир нечта давр ва услубларини, жумладан, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистоннинг археологик топилмалари, академик рангтасвир, Европа модернизми ва манзарали асарларини ўзида мужассам этади.

Кўргазма 7 мартидан 7 июнига қадар давом этади.

Павильон ҳар куни соат 10:00 дан 20:00 гача ишлайди. Жума куни — кириш бепул, бошқа кунларда — 20 минг сўм.

Мактаб ўқувчилари, талабалар ва пенционерлар учун 50 фоизлик чегирма мавжуд. Махсус мактаблар ва мактаб-интернатлар ўқувчилари ва 10 ёшгача бўлган болалар учун эса кириш бепул.