Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда ҳудудларда адвокат, транспорт бошқармаси бош мутахассиси ва ҳокимлик ходимининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйди, дея хабар бермоқда ташкилот матбуот хизмати.

Хусусан, Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳокимлиги ходими тумандаги кам таъминланган оилаларга имтиёзли кредит асосида берилган уйлардан бирининг эгасига кредит тўловларини амалга оширмаётганини рўкач қилиб, унинг хабардорлигисиз хонадонни банк балансига қайтарган. Шундан сўнг бошқа бир фуқаро номига эгалик ҳуқуқини берувчи қарор чиқартириб, кредит расмийлаштириб бериш эвазига 6 минг доллар олган вақтида қўлга тушган.

Жиззах вилояти Транспорт бошқармасининг Тендерлар ўтказиш бўлими бош мутахассиси Фориш туманида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи хусусий корхонага давлат томонидан берилган Isuzu автобусини фуқарога 6,6 минг долларга сотаётганида ушланган. Ходимда сотиш ҳуқуқи бўлмаган.

Шунингдек, Бухоро шаҳридаги адвокатлик бюроси адвокати тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича прокуратурадаги танишлари орқали енгиллик яратиб бериш эвазига 100 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган, дейилади хабарда.