Бугунги кунда Ўзбекистонда истеъмолчиларнинг ичимлик сувидан дебитор қарздорлиги 954 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов маълум қилди.

Бунда жисмоний истеъмолчиларнинг қарздорлиги 767 млрд сўмни ташкил этса, 186 млрд сўмлик қарздорлик юридик истеъмолчиларнинг ҳиссасига тўғри келяпти.

Қайд этилишича, республика бўйича ичимлик суви ва оқова сув хизматларидан қарздорликни ундириш юзасидан тегишли ҳуқуқий чоралар кўриш бошланган ва мунтазам давом этяпти. Жумладан, 2024 йил январь ойи ҳолатида дебитор қарздорликни қисқартириш бўйича судларга жами 13,6 млрд сўмлик даъво аризалар киритилган.

Республика бўйича судларга энг кўп даъво аризалари Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилояти сув таъминоти корхоналари томонидан чиқарилган.

«Ўзсувтаъминот» АЖ ва ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан жорий йил бошидан буён ўтказилаётган махсус тадбирлар давомида ичимлик ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ва улардан белгиланган қонун-қоидаларга риоя қилмаган ҳолда фойдаланишга доир 696 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланиб, жами етказилган зарар 5,5 млрд сўмни ташкил этади.

Шунингдек, 450 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан сув ўлчагичдан фойдаланиш қоидаларига амал қилинмагани оқибатида 2,3 млрд сўм зарар етказилгани аниқланди.