25 февраль куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида бир оиланинг 6 аъзоси ис газидан заҳарланди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Шу куни тахминан соат 10:30 да туманнинг Дуоба маҳалласида яшаган Ж.Х. (эркак, 1980 йилда туғилган) ва унинг фарзандлари Ж.М. (ўғил, 2013), Ш. М. (қиз, 2016), С.М. (қиз, 2018) ухлаб ётган вақтида темирдан қўлбола ясалган печдан чиққан ис газидан димиқиб, воқеа жойида вафот этган.

Шунингдек, З.Н. (аёл, 1986) ва Н.М. (қиз, 2008) эса Бойсун туман тиббиёт бирлашмасига қарашли жонлантириш бўлимига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, 16 ёшли қиз 27 февраль куни вафот этди.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари туман прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.