Фарғона ва Қўқон шаҳарларида 1 млрд 329 млн сўмлик электр энергиясини талон-торож қилган ноқонуний майнерлар аниқланди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Унга кўра, Қўқон шаҳрида фуқаро қариндошининг уйида 10 та «Bitmain Antminer» русумли майнинг қурилмасини электр таъминоти корхонаси билан шартнома тузмасдан, ўзбошимчалик билан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаганча ишлатиб келган. 2021−2024 йиллар ичида у давлат манфаатларига 638 млн 274 минг сўм миқдорида зарар етказган.

Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаронинг хонадонида эса қуввати 14,85 киловатт бўлган 11 дона «Antminer» майнинг қурилмаси яширин равишда электр тармоғига уланиб, 320 млн 118 минг сўмлик электр энергияси талон-торож қилинган.

Фарғона шаҳрида аниқланган яна бир ҳолатда бошқа бир фуқаронинг хонадонида қуввати 12,4 киловатт бўлган 6 дона «Antminer» майнинг қурилмаси топилди. Улар электр тармоғига ноқонуний уланиб, электр таъминоти корхонасига 293 млн 284 минг сўмлик зарар етказган.

Фарғона шаҳрида яшовчи яна бир шахс криптовалюта ишлаб чиқариш фаолияти билан қонунга хилоф равишда шуғулланган. У ҳам 3 дона «Antminer» майнинг қурилмасидан фойдалангани сабаб электр энергияси бўйича давлат манфаатларига 77 млн 585 минг сўм миқдорида зарар етказилган.

Аниқланган ушбу ҳолатларда давлатга етказилган зарар жами 1 млрд 329 млн 261 минг сўмни ташкил этди.

Барча ҳолатлар юзасидан юқоридаги шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Агар уларнинг айби тасдиқланса, фуқаролар БҲМнинг 50 бараваригача жаримага тортилиши ёки 1 йилдан 3 йилгача озодлиги чекланиши ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.