Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида ҳокимият захирасидаги ерни бошқа бир шахсга ноқонуний тарзда олиб беришга уринган икки фуқаро қўлга олинди.

Давлат хавфсизлик хизмати хабарига кўра, бу ноқонуний ишга 2018−2021 йилларда Гулистон тумани ҳокими лавозимида ишлаган 59 ёшли Шавкат Ғафуров ҳам алоқадор бўлган.

Аниқланишича, Гулистон шаҳрида яшовчи 2 шахс ҳозирда Гулистон тумани ҳокимияти захирасида бўлган 38 сотих ер майдонини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога олиб беришга келишган.

Шу билан бирга, ер майдонида кўп қаватли уй-жой қуриш учун мансабдор танишлари орқали тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 300 минг доллар талаб қилган.

ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари Гулистон шаҳрида ўтказган тезкор тадбирда улар олдиндан 50 минг доллар олган вақтларида ушланди.