26 февраль куни Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғанга қўнғироқ қилиб, уни 70 ёшга тўлгани билан табриклади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари Туркия етакчисига соғлиқ ва муваффақият тилаб, «замонавий Туркиянинг барпо этилишида, глобал майдондаги нуфузи юксалишида» унинг ўрни юқорилигини таъкидлади.

Суҳбат давомида икки давлат орасида 2023 йил якунида қўшма корхона ва лойиҳалар сони 365 тага ортгани, Туркиянинг етакчи компания ва ташкилотлари билан инвестициялар портфели кенгайгани келтириб ўтилди. Тўғридан-тўғри авиақатновлар ҳам, тегишли равишда ўзаро сайёҳлар оқими ҳам кўпайгани қайд этилди.

Давлат раҳбарлари олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши кун тартибини пухта тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди, дейилади матбуот хизмати хабарида. Шу муносабат билан Ўзбекистон-Туркия Ҳукуматлараро комиссияси доирасида олиб борилаётган ишларни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Минтақавий, жумладан, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.