24 февраль куни Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Қатарнинг Доҳа шаҳридаги дизайн биенналесида «Ҳунарманд Ўзбекистон: толалардаги анъана» кўргазма лойиҳасини тақдим этди. Бу ҳақда жамғарма матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Жамғарма биенналеда иштирок этишга Ўзбекистоннинг ҳунармандчилик меросини намойиш этиш учун таклиф қилинган. Кўргазмага ташриф буюрувчилар ёғоч, икат шойиси ва бахмал матосидан тайёрланган буюмларни томоша қилишлари мумкин.

Кўргазмада 49 та қўл меҳнати намуналари, жумладан, дизайнер Нада Дебс ва ўзбекистонлик уста Сирожиддин Раҳматиллаев ҳамкорлигидаги асарлар намойиш этилмоқда. Ўз ҳамкорликларида улар ташриф буюрувчиларга анъанавий мебель унсурларининг замонавий талқинини тақдим этадилар.

«Мазкур ҳамкорлик биеннале олдида турган энг муҳим мақсадлардан бирини амалга оширишга, яъни ташриф буюрувчиларга Яқин Шарқ ва Шимолий Африка дизайнерларининг ижодий салоҳияти ҳақида кенг тасаввур беришга ёрдам беради. Мақсадимиз дизайнни мерос ва инновацияларнинг ажойиб уйғунлиги сифатида тақдим этишдир. „Ҳунарманд Ўзбекистон“ кўргазма лойиҳаси эса ушбу мато суратнинг ўрнини босиб бўлмас ипдир», — деди Қатар музейлар идораси раҳбари Шайх ол-Маясса бинт Ҳамад бин Ҳалифа Ол Соний.

Доҳа дизайн биенналесининг бош мавзуси бўлмиш «Минтақавий дизайн мукаммаллиги тантанаси»ни қўллаб-қувватлаш мақсадида жамғарма Баҳрайндаги «Шепҳерд» студияси билан инновацион ва замонавий кўргазма дизайнини яратиш учун ҳамкорлик қилмоқда.

доҳа, маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

«Лойиҳанинг тайёрлаш учун масъул жамоамиз анъанавий ҳунармандчилик, шу жумладан қўл меҳнати билан тўқиш ва ёғоч ўймакорлигини намойиш этишга фавқуллода алоҳида эътибор қаратди. Мазкур лойиҳа ташриф буюрувчиларга Ўзбекистонни янги нуқтаи назар — энг илғор технологияларни татбиқ этиш ва қўллаш билан тарихий кўз қорачиғидек асраб-авайлаётган мамлакат сифатида кўриш имконини берувчи инновацион ёндашувларни ўз ичига олади», — деди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова.

31 минг лентикуляр ном ва 26 миллион ипдан фойдаланилган «оптик кашта»нинг бетакрор консептуал ёндашувини қўллаш шарофати билан ташриф буюрувчилар Ўзбекистоннинг анъанавий ҳунармандчилиги муҳитига шўнғийдилар. Кўргазма ғояси маконнинг эстетик афзаллигини ёритиш, айниқса рангларнинг ўзига хослигига урғу бериш кўзда тутилган.

Кўргазма очилишида, шунингдек, президент ёрдамчиси Саида Мирзиеёва ҳам қатнашди.

«Ушбу тадбирда ҳам маҳаллий, ҳам минтақавий, ҳам глобал миқёсда дизайн соҳасига оид илғор тажрибалар алмашинуви бўлиб ўтади. Ундаги иштирокимиздан мамнунман. Кўп асрлик тарихга эга ҳунармандчилигимизнинг бебаҳо мероси бизни анъана ва маданиятимизни асраб-авайлашга ундайди», — деди у.

Маълумот учун, кўргазма 30 мартга қадар давом этади.