Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Фарғона, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида тезкор тадбир ўтказиб, мансабдорларнинг коррупция ва фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатларини аниқлади.

Унга кўра, Фарғона вилоятининг Риштон тумани электр тармоқлари корхонасида бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи шахс якка тартибдаги тадбиркорнинг устахонаси электр тармоғига ноқонуний уланганини аниқлаган ва унга нисбатан расмийлаштирилган далолатнома бўйича 2 млрд сўм миқдорида жарима солиниши мумкинлигини айтган. Жаримани камайтириб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилган. ДХХ бўлим бошлиғини сўралган пул маблағидан 6600 АҚШ долларини пора сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушлади.

дхх

Вилоятнинг Марғилон шаҳрида Надирмат маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога 0,5 сотих бўш ерни «Е-auksion» платформаси орқали ютиб, кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга тушди.

дхх

Жиззах вилоятида кузатилган ҳолатда, Шароф Рашидов тумани Ички ишлар бўлими Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи ҳибсхонада сақланаётган айбланувчига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқаётган судьядан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида ёрдам бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилган. У сўралган пул маблағидан 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Аниқланишича, у муқаддам ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, ҳибсхонада сақланаётган ушбу фуқаронинг оила-аъзолари билан учрашиши ҳамда уйидан олиб келинган озиқ-овқат маҳсулотларининг киритилиши учун рухсат бериш эвазига 400 АҚШ долари ҳам олган.

дхх

Миллий Гвардиянинг Самарқанд вилояти Иштихон туманлараро Қўриқлаш бўлими ходими фирибгарлик ва пора беришда гумонланаётган маҳаллий фуқаро ишини танишлари орқали унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 1,5 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга тушди.

дхх

Ҳозирда ушбу шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.