Онкологик касалликларга чалинган болаларга хайрия маблағлари ҳисобидан ёрдам берувчи «Эзгу Амал» фонди ҳар йили очиқ молиявий ҳисобот беради — ўтган бир йил давомида жамғармага қанча тушум бўлди-ю, тушган пуллар нималарга сарфланди — барча молиявий операциялар ҳақида жамоатчилик хабардор қилинади. 18 февраль куни Тошкентдаги Ёшлар ижоди саройида 2023 йил якунлари сарҳисоб қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Эзгу Амал» нима ўзи?

2012 йили Мунира Хўжахонованинг 12 ёшли ўғлида иккинчи даражали остеосаркома (суяк саратони касаллиги) аниқланади. Тошкентда, даволанишнинг бошида нотўғри юборилган кимёвий препарат сабаб фарзанди «куйиб» қолади. Шундан сўнг муолажаларни Москвада давом эттиришга қарор қилинади. Икки йил деганда бола касалликни енгади.

Аммо бу икки йил осон ўтмайди — руҳий, жисмоний қийинчиликлардан ташқари молиявий муаммолар пайдо бўлади. Айниқса, 9 ва 10-кимё курсини олишга келганда ҳақиқий қийинчиликка дуч келишади. Москвадаги касалхонада бошқа оилаларнинг жамғармалар кўмагидан фойдаланаётганини кўрган Мунира опа ҳам Россиядаги учта фондга ёрдам сўраб мурожаат қилади. Шу тариқа қолган кимё курслари ва ундан кейинги реабилитация харажатлари фондлар ёрдамида қопланади.

Ўз фарзанди соғайиб кетганига қарамай, Мунира опа бу жараёндан чиқиб кета олмайди — ахир ҳамма болаларда ҳам даволаниб кетиш учун моддий имконият йўқ, боз устига, у вақтларда Ўзбекистонда бундай фондлар ҳам йўқ эди. Мунира Хўжахонова дастлаб ижтимоий тармоқларда кўнгилли сифатида хайрия билан шуғуллана бошлайди, сўнг ўзи каби фаолият олиб бораётган бошқа волонтёрлар — Марина Кондратова ва Нуне Сардарян билан танишади.

Мунира Хўжахонова чапдан иккинчи, кўк костюмда. Фото: «Эзгу Амал» фондиМунира Хўжахонова чапдан иккинчи, кўк костюмда. Фото: «Эзгу Амал» фонди

«Ишимизни яхши ва шаффоф олиб борганимиз учун ҳам одамлар бизга ишониб бераётган пул ҳажми ҳам ошиб кетган. Фаолиятимизни қонуний, очиқ ва янада шаффоф давом эттиришимиз учун ҳам фонд керак эди», — дейди Мунира Хўжахонова. Шу тариқа уч ҳамфикр кўнгилли томонидан саратонга чалинган болаларга ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган «Эзгу Амал» фонди 2018 йил 12 ноябрь куни нодавлат нотижорат ташкилот сифатида рўйхатга олинган.

Фонд ўз ресурсларини фақат жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари, хайрия тадбирларидаги йиғимлар, онлайн тўлов тизимларидаги хайрия бўлимлари орқали, шунингдек, одамлар гавжум жойларга ўрнатилган хайрия қутиларига ташланган пуллар ҳисобидан шакллантиради. Масалан, 2023 йилда хайрия қутиларининг ўзидан 3 млрд сўмдан ортиқ маблағ тўпланган бўлиб, унинг 1,8 млрд сўми «Korzinka» супермаркетлар тармоғидаги Меҳр қутиларига тушган.

«Korzinka» супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов 2023 йилдан бери фонд васийлик кенгаши аъзоси ҳисобланади. У «Эзгу Амал» билан ҳамкорлик тарихи ҳақида гапираркан, беш йиллик фаолият давомида кучли ишонч ҳосил бўлганини алоҳида таъкидлади.

«Баъзи харидорлар майда пул олмайман деб, қайтимини кассага ташлаб кетарди. Биз эса буни хоҳламасдик, чунки тийин-тийинигача ҳисоб-китобимиз бор. Шунга бир ечим бўлар деб супермаркетларимизга Меҳр қутиларини ўрнатдик. Қайтимини олишни хоҳламаган харидорга кассирларимиз шу пулни Меҳр қутисига ташлашни тавсия қилар, унга тушган пуллар хайрли ишлашга сарфланишини тушунтирарди», — дея эслайди Зафар Ҳошимов.

Зафар Ҳошимов. Фото: «Эзгу Амал» фондиЗафар Ҳошимов. Фото: «Эзгу Амал» фонди

Меҳр қутиларига йиғилган пулларни олиш, санаш ва эҳтиёжмандларга топшириш, жараённи шаффоф олиб бориш учун компания алоҳида бўлим ҳам ташкил қилишга мажбур бўлган — яъни бу «Корзинка» учун қўшимча маъмурий ишга айланган. Тадбиркорнинг қайд этишича, бунда пулнинг келиши эмас, уни қаерга, кимга бериш муҳим, кўпчилик шу нуқтада қийналади — ўз иши, вазифалари бор одам ҳар куни хайрия билан ҳам машғул бўлишга вақти ё кучи етмаслиги мумкин.

«2018 йил декабрида, ўз ишларимиз қолиб, хайрия ишлари билан шуғулланиб юрганимизда Мунирахон келди-да, «Эзгу Амал» фонди ҳақида гапириб берди. Шундан кейин биз «Корзинка»даги барча Меҳр қутиларга тушган маблағларни бир манзил — «Эзгу Амал» фондига йўналтиришга қарор қилдик. Ўтган беш йил ичида фондга нисбатан ишончимиз кучайди ва биз бундан жуда мамнунмиз», — деди Зафар Ҳошимов.

«Корзинка» асосчисининг таъкидлашича, ҳозир ҳам хайриямни қаерга йўналтирсам, кимга берсам экан деб иккиланиб юрган одамлар бор. «Ўйлайманки, „Эзгу Амал“ меҳрибон ва хайрияга муҳтож одамлар орасида кўприк бўляпти. Бир фонднинг шунчалик ишончга эга бўлиши ва беш йилдан бери шаффоф фаолият олиб бориши — уникал ҳодиса. Биз буни қадрлашимиз керак», — дейди у.

Зафар Ҳошимовга 2023 йили фонд васийлик кенгаши аъзоси бўлишни таклиф қилишганида, у бу таклифни хурсандчилик билан қарши олган. «Бу мен учун ҳам ғурур, ҳам масъулият бўлди», — дея қўшимча қилди тадбиркор.

Тушум

2023 йилда фонд ҳисобига умумий салкам 14,3 млрд сўм хайрия маблағлари тушган. Бунинг 3,6 млрд сўмдан ортиғи юридик шахслар томонидан, 1,2 млрд сўмдан ортиғи жисмоний шахслар томонидан, 5,1 млрд сўмдан ортиғи онлайн тўлов платформаларидаги хайрия бўлимлари ва фонд веб-сайтидаги махсус шаклдан, 3,1 млрд сўмдан ортиғи эса, юқорида таъкидланганидек, хайрия қутиларидан тушган. Шунингдек, яна 1 млрд сўмдан ортиқ хайрия товар ёки хизмат кўринишида тақдим этилган.

«Товар ёки хизмат кўринишида тақдим этилган хайрия» деганда нимани тушуниш керак? Масалан, «Яндекс.Такси» хизмати даволанишига «Эзгу Амал» ёрдам бераётган беморларнинг Тошкент бўйлаб бепул ҳаракатланишига (кўчиб ўтишига) ёрдам беради. Хусусан, 2023 йилда бемор болалар, уларнинг ота-оналари ҳамда волонтёрларнинг шаҳар бўйлаб ва ундан ташқаридаги 1500 дан ортиқ салкам 56,4 млн сўмлик сафарларига хизмат такси агрегатори томонидан бепул кўрсатилган. «Эзгу Амал» вакиллари буни «фонд учун жуда катта волонтёрлик ёрдами» деб ҳисоблайди.

Бундан ташқари, махсус уюштириладиган турли хайрия тадбирлари давомида ҳам хайрия маблағлари тўпланади. Масалан, 2023 йил 14 январда Америка Савдо палатаси «Эзгу Амал» фондини қўллаш учун ўтказган хайрия балида меҳмонлар 160 млн сўм миқдорида маблағни эҳсон қилган. 24 январь куни эса «Ҳумо» хоккей клуби саратонга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ҳумо Арена»да хайрия ўйини ўтказган — чипталар сотувидан тушган 53 млн сўм фондга ўтказиб берилган.

«Diplomat International School» икки йилдан бери саратонга чалинган болалар учун болалар ва ота-оналарни жалб қилган анаъанавий хайрия ярмаркаси ўтказади. 2023 йилги ярмаркада 106 млн сўм пул тўпланган. 22 декабрда «Gold Stars School» хусусий мактабида ўтказилган «Болалар болаларга ёрдам беради» номли худди шундай хайрия ярмаркасида эса 22 млн сўм пул йиғилган.

18−20 ноябрь кунлари «Ҳилтон» меҳмонхонасида оилавий рассомлар — Диана, Людмила, Марат Содиқовларнинг кўргазмасида йиғилган 25,5 млн сўм, 26 декабрда Форумлар саройида ўтказилган «Диско афсоналари» хайрия концертидаги чипталар сотувидан тушган 1,22 млрд сўм ҳам «Эзгу Амал» фондига йўналтирилган. Шунингдек, бир нечта байрамларда Болалар миллий тиббиёт марказида даволанаётган болажонлар учун турли совғалар, санъаткорлар иштирокидаги тадбирлар ташкил этилган.

Бундай тадбирлар йил бўйи давом этади. Хусусан, фонднинг йиллик ҳисоботи тақдим этилган 2024 йил 18 февраль куни ҳам ҳам Ёшлар ижод саройида Болалар гемотологияси, онкологияси ва иммунологияси маркази билан ҳамкорликда марказни зарур жиҳозлар, дори-дармонлари, илмий-тадқиқот ва ишланмаларни молиялаштиришга маблағ тўплаш мақсадида «Болалар билан бирга — умид билан бирга» хайрия фестивали ўтказилди. Бу фестивал учун фонд веб-сайти орқали ҳам хайрия қилиш мумкин, ҳозиргача 31 млн сўм атрофида пул тўпланган.

Умуман, 2023 йилда хайрия маблағлари ҳажми бир йил аввалги миқдордан икки баробардан кўпроққа ошган — 2022 йилда фондга келиб тушган хайрия маблағлари ҳажми 6,5 млрд сўм атрофида эди. Беш йил ичида «Эзгу Амал»га 40 млрд сўмга яқин хайрия пуллари келиб тушган бўлиб, уларнинг бари онкологик касалликка чалинган болаларга турли кўринишдаги ёрдамлар учун йўналтирилган.

Харажат

Энг кўп — салкам 8,2 млрд сўм маблағ — бемор болаларнинг Ҳиндистон, Туркия, Япония ва Россия каби хорижий мамлакатлардаги тиббий муолажалари учун сарфланган. Шунингдек, тиббий буюмларга 2,05 млрд сўмдан ортиқ, Ўзбекистондаги тиббий хизматларга 639 млн сўмга яқин пул сарфланган.

Фонд келиб тушган мурожаатлар асосида ёрдам кўрсатади ва бутун республикани қамраб олади. Фонд ёрдамининг 22 фоизи Тошкент шаҳрига, 13 фоизи Тошкент вилоятига, 12 фоизи Фарғона вилоятига, 9 фоизи Қашқадарё вилоятига, 4 фоизи Навоий вилоятига; Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган, Самарқанд вилоятларига 6 фоиздан, Сурхондарё, Хоразм вилоятларига 5 фоиздан, Андижон, Сирдарё, Бухоро вилоятларига 2 фоиздан тўғри келади.

Қолган маблағнинг асосий қисми клиникалар учун ёрдамга, хайрия қутиларини тайёрлаш ва таъмирлашга, идора моллари, хизмат сафарлари, транспорт, алоқа хизмати, сайт, маъмурий бошқарув харажатларига, солиқ ва суғурталар тўловларига ва бошқаларга сарфланган. Хусусан, фонд биносида онкологик касалликка чалинган болалар ва уларнинг оилаларига онкопсихологик ёрдам хонаси очилиб, пилот-лойиҳа доирасида ярим йилда 110 оилага ёрдам кўрсатилган. Келгусида шифохоналардаги болалар онкологияси бўлимларида ҳам шундай хоналарни очиш режалаштирилган.

2022 йили «Эзгу Амал» фонди ташаббуси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда саратонга чалинган болаларга паллиатив ёрдам кўрсатувчи Ўзбекистондаги илк болалар хосписи — «Таскин» очилган эди. Ушбу муассаса терминал (ҳаётнинг сўнгги босқичи) ҳолатдаги беморлар умрининг охирги кунларини руҳий ва маънавий эҳтиёжлари қондирилган ҳолда ўтишига ёрдам беради.

Таъкидланишича, 2023 йилда «Эзгу Амал» тўплаган хайрия маблағларининг 1,05 млрд сўми айнан «Таскин» хосписи учун, уни озиқ-овқат ва сув билан таъминлаш, хоспис ходимларининг иш ҳақига қўшимча тўлов сифатида ўтказиб берилган. Хоспис бугунги кунгача жами 260 нафар, 2023 йилнинг ўзида эса 193 нафар беморни қабул қилган бўлиб, афсуски, уларнинг айримлари аллақачон бу дунёни тарк этган (муассаса ҳақида «Газета.uz»да материал ҳам эълон қилинган эди).

«Эзгу Амал»нинг ҳисобот тақдимотида чиқиш қилган хоспис раҳбари, онколог Рустам Нарбаевнинг таъкидлашича, «Таскин» каби ижтимоий лойиҳалар «сўзда, ишда ва пулда ёрдам берадиган жамият туфайли яшайди ва ишлайди».

«Баъзан қўнғироқ қилиб, „Нима олиб борайлик?“, деб сўрашади. Биз уларга: „Ҳеч нарса керак эмас, фақат келсангиз бўлди“, деб жавоб берамиз. Чунки бу болалар деярли бутун умрини шифохоналарда ўтказган. Улар жамиятни кўрмаган, одамларни, болаларни, тенгдошларини билмайди», — деди у.

Рустам Нарбаев. Фото: «Эзгу Амал» фондиРустам Нарбаев. Фото: «Эзгу Амал» фонди

«Эзгу Амал» фонди Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб хоспис ва шифохона парвариши учун волонтёрларни тайёрлашга қаратилган махсус курс ташкил қилган. Бир йилда 100 нафар волонтёр хоспис иши бўйича сабоқ олган, болалар ва ота-оналар учун 40 та маҳорат дарслари ўтказилган. Умуман олганда, Ўзбекистонда аллақачон хоспис мактаби пайдо бўлган.

Доктор Нарбаевнинг қайд этишича, кимдир саратонга чалинса, унинг бутун оиласи шу дард билан яшайди. Бемор болаларнинг ота-оналари оғир руҳий ҳолатни бошдан кечиради. Болаларнинг ўзи ҳам жуда қийналади. Улар бир неча кун ёки бир ҳафта хосписда бўлганларидан сўнг эса юзларида табассум пайдо бўлади. Бола юришни, кулишни, овқатланишни бошлайди. Чунки оғриқ қолади, улар ўзини соғломдек ҳис қила бошлайди.

«Бир боламиз бор эди. Уни хосписда биринчи марта кўрганимда оғриқдан танаси қийшайиб қолган эди. Қимирламасдан, фақат йиғларди. Аммо уч кундан кейин рақсга туша бошлади. Ваҳоланки, бунгача бир ой давомида ҳатто юролмаган ҳам экан. Кечки дискотекадан унинг рақсга тушган видеосини юборишганида, кўриб йиғлагандим. Бу жуда таъсирли», — деб эслайди шифокор.

Тадбирда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова ҳам сўзга чиқиб, вазирлик фондга тиргак бўлишини, ҳар қандай тўсиқларни бартараф этишда ёрдамга тайёрлигини билдирди. Artel компанияси вакиллари эса фонд билан ҳамкорлик йўлга қўйилгач, уларни энг таъсирлантиргани айнан «Таскин» хосписи бўлгани, компания бундан кейин ҳам ёрдамини аямаслигини билдирди. Таъкидланишича, Artel ҳозирда «Таскин» учун тўғридан-тўғри молиявий ёрдам кўрсатмоқда.

Эзгу амаллар давом этади

Мунира Хўжахонова «Эзгу Амал»нинг асосий миссиясини қайсидир болага бир марта дори олиб бериш ёки бир марта манзилли ёрдам кўрсатиш эмас, балки Ўзбекистонда болалар онкологияси йўналишини ривожлантиришда давлатга кўмакчи бўлиш, деб ҳисоблайди.

«Саратонга чалинган болалар даволаниш учун қийналиб чет элга чиқишларига тўғри келишини, ота-оналари эса уларни даволатиш учун маблағ тополмаганида болаларимиз умидсиз ётиб қолишларини нотўғри ҳолат, деб ҳисоблаймиз. Фарзанд доғини ҳеч бир юрак кўтаролмайди. Биз мана шу дарднинг олдини олишда, энг ёмон вазиятда эса шу дардни тўғри қабул қилишда қўлимиздан келган ёрдамимизни бундан кейин ҳам аямаймиз», — дейди Мунира Хўжахонова.