Жиззах вилояти Янгиобод тумани ҳокимининг пора олишда айбланган собиқ ўринбосарига ҳукм ўқилди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Қайд этилишича, 2023 йилнинг май ойида фуқаро Қ.М. Янгиобод тумани ҳокимининг в.б. ўринбосари Қ.Р. билан Angren Mashal Servis МЧЖ раҳбарига У.Т.га шамол электр станциялари қуриш учун 200 гектар ер майдонини олиб беришни айтган. Эвазига 200 минг доллар сўраган.

Фуқаро келишилган сумманинг ярми, яъни 100 минг долларини ресторанларнинг бирида олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ушланган. Шунингдек, тадбир давом эттирилиб, ҳоким ўринбосари ҳам қўлга олинган.

Жиноят ишлар бўйича Янгиобод туман суди ҳукмига кўра, Қ.М.га базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари (132 млн сўм) миқдорида жарима ва 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиши жазоси тайинланди.

Собиқ ҳоким ўринбосарига эса 3 йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари (132 млн сўм) миқдорида жарима ва 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.