Ўзбекистон элчихонасида Испания Сенатининг қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва озиқ-овқат бўйича комиссиясининг озиқ-овқат масалалари бўйича спикери Антонио Луэнго ҳамда BioGreen Road компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Музокаралар чоғида икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалигида сув ресурсларини бошқариш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Сенатор Антонио Луэнго Испаниянинг қурғоқчил минтақаларидан бири, ёғингарчилик кам, тупроғи тошлоқ бўлган Мурция провинцияси ҳам худди Ўзбекистон каби экинларни суғориш учун сув ресурслари етишмаслиги муаммосига дуч келаётганини маълум қилди.

Фото: «Дунё» ААФото: «Дунё» АА

Испан томони BioGreen Road компаниясининг сувни гелга макромолекуляр айлантириш технологияси тақдимотини ўтказди. Ушбу технология атрофда намлик пуфакчаларини ҳосил қилиш орқали ер қаъридаги туз конларини ўсимликлар илдизидан узоқлаштириш имконини беради, уларни ва сув истеъмолини 50 фоизга камайтиради ва уни илдиз қатламининг юзаси учун сақлайди.

Қайд этилишича, сув танқислиги кузатилаётган Мурция провинциясида оддий суғориш режимида 1 гектар майдонни суғориш учун сув сарфи ўртача 5,5 минг кубометрни ташкил этади. Томчилатиб суғоришдан фойдаланганда сув сарфи 4 минг кубометргача, BioGreen Road технологиясидан фойдаланганда эса 2 минг кубометргача камаяди.

Провинцияда Ўзбекистонда бўлгани каби дала шароитида кўкат ва мевалар етиштиришда ушбу технологиядан фойдаланиш ҳосилдорликни 10 фоиздан ошишига хизмат қилаётгани таъкидланди.

Учрашув якунида яқин вақт ичида BioGreen Road компанияси вакилларининг Ўзбекистонга ишчи сафарини ташкил қилиш бўйича келишувга эришилди.