20 февраль куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Президент ёш кадрлари захираси форумида иштирок этиб, мамлакатдаги ёш кадрларга мурожаат қилди, дея хабар бермоқда Қозоғистон раҳбарининг матбуот хизмати.

Бугунги кунда Қозоғистондаги Президент ёш кадрлари захирасида 400 нафар мутахассис бор. Уларнинг 280 нафари ёки 70 фоизи марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлик лавозимларига тайинланган. Яна кўпчилиги эса квази-давлат секторида ва бизнесда фаолият олиб боради. Кадрлар очиқ ва шаффоф тарзда танлаб олинадиган бундай захирани шакллантириш ғояси президент Тоқаевнинг сайловолди дастурида назарда тутилган эди.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизматиФото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Тоқаев ўз мурожаатида дастлаб давлат хизматининг жозибадорлигини ошириш учун хусусий сектор билан рақобатбардош иш ҳақини белгилаш зарурлигини таъкидлади.

«Мен, қоида тариқасида, эрталаб соат 8−9 дан кечки 8−9 га қадар иш жойида бўладиган давлат хизматчилари иш ҳақи ва мукофотлар билан чекланмасдан маълум моддий компенсация олишлари керак деб ҳисоблайман. Масала долзарб. Биз уни давлат хизматчилари фойдасига ҳал қиламиз. Уй-жой масаласини ҳам шунга яраша ҳал қилиш керак. Бу борада Сингапур ва бошқа мамлакатлар тажрибасига эътибор қаратиш ўринлидир. Давлат бошқаруви тизимида самарали ёндашув ва усулларни кўриб чиқиш зарур», — деди у.

Шу билан бирга, Қозоғистон етакчиси мамлакатда адолатли давлат ва инклюзив жамият барпо этилаётгани, шу сабабдан давлат хизматида гендер мувозанатини таъминлаш масаласи муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

«Давлат аппаратида хотин-қизларнинг улуши қарийб 55 фоизни ташкил этишига қарамай, бошқарув таркибида бу кўрсаткич пастроқ — 39 фоизни ташкил этади. Менинг давлат хизматидаги катта тажрибам аёлларни жалб қилиш кераклигини кўрсатади. Биринчидан, аёллар барибир меҳнатга эътиборлироқ, улар ишига пухтароқ ёндашади ва коррупцион амалиёт ва ҳаракатларга мойил эмас, десам бу эркакларни ранжитмайди деб ўйлайман. Коррупцияга қарши кураш агентлигининг статистик маълумотлари аёлларнинг ўзини масъулиятлироқ тутишини кўрсатмоқда. Сезиларли номутаносиблик сиёсий амалдорлар орасида кузатилмоқда, уларнинг 10 фоиздан камроғи аёллар. Давлат хизматидаги ёшлар улушида ҳам номутаносибликлар мавжуд. Давлат хизматида хотин-қизлар, ёшлар ва ногирон фуқаролар сонини кўпайтириш зарур. Хусусан, уларга раҳбарлик лавозимларида ишлашлари учун кенг имкониятлар яратиб бериш керак», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизматиФото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Қозоғистон етакчиси, шунингдек, ҳали ҳам давом этаётган жамоавий кўчиб ўтишлар амалиётини танқид қилди. Шу муносабат билан Президент администрацияси ва Давлат хизмати ишлари агентлигига мазкур масалани қаттиқ назоратга олиш, бундай амалиётларнинг олдини олиш бўйича қатъий топшириқ берди. Барча секторларда ёшларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун қўлидан келадиган барча ишни қилишини айтди.

«Сиздан умидларим катта. Иқтисодиёт, давлат хизмати ва шу каби қайси соҳа бўлсин, барчасида фаолиятингизни қўллаб-қувватлаш учун қўлимдан келганча ҳаракат қиламан. Сиз улғаясиз, биз қариймиз. Бу жуда нормал ҳолат. Вақт келади, биз сизга ўрин бўшатамиз. Биз нафақага чиқамиз, сиз эса бизнинг ўрнимизга келасиз. Лекин сиз давлатингизга, ватанимизга хизмат қилишга тайёр бўлишингиз керак. Биз жуда оғир даврга кириб боряпмиз, хорижда қандай нотинчликлар бўлаётганини кўриб турибмиз», — деди Қозоғистон президенти.