«Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги Конституциявий қонунига қўшимча киритилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Унга кўра, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Сенат раиси бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра:

  • Сенат аъзолари (сенаторлар) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — тўрт кишидан сайланади.
  • Сенатнинг тўққиз нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан президент томонидан тайинланади.

Шунингдек, Сенат ва унинг органлари мажлисларида Марказий банк бошқаруви раиси иштирок этиши мумкин.

Бундан ташқари, бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Қонунчилик палатасининг Спикери бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Қонунчилик палатасининг депутати бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, депутатга ва сенаторга 36 иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътили берилади. (Бундан қонунчиликда кўпроқ муддатли таътил назарда тутилган ҳоллар мустасно)

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.