Бу йил Ўзбекистонда Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги кенг нишонланади. Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни бу ҳақдаги қарорни имзолади. Юбилей ЮНEСКО раҳнамолигида дунё миқёсида ҳам нишонланади.

«Туркман халқининг улуғ фарзанди Махтумқули Фироғий нафақат туркий халқлар, айни пайтда жаҳон адабиёти ва маданияти тарихида алоҳида ўрин эгаллаган атоқли шоир ва мутафаккирдир. Ҳассос сўз санъаткорининг чуқур гуманизм билан суғорилган асарлари мард ва матонатли, меҳнаткаш туркман халқининг эзгу қадриятлари ва олижаноб фазилатларини тараннум этиши, ҳамиша халқ билан ҳамдард бўлишга, турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган мазмун-моҳияти билан барчамиз, айниқса, ёшларимиз учун ибрат намунасидир», — дейилади қарорда.

Ўзбекистон Махтумқули асарлари энг кўп нашр этиладиган ва ўқиладиган мамлакатлардан бири ҳисобланади. У Хивадаги машҳур Шерғозихон мадрасасида таҳсил олган, Алишер Навоийни ўзига устоз санаган. Хивада Махтумқули жуда кўп устоз ва маслакдошлар, дўст ва мухлислар орттирган. Шоир хотирасига Тошкент ва Хивада ёдгорлик мажмуалари қурилган.

Махтумқули таваллудининг 300 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмитага бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилади.

Юбилей байрами доирасида Махтумқулининг танланган асарлари, унинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган илмий мақолалар тўпламини нашр этиш режалаштирилган.

Ўзбекистон ва Туркманистон киноижодкорлари ҳамкорлигида бадиий фильм яратилиб, шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида спектакль саҳналаштирилади.

Пойтахтда ўзбек ва туркман халқларининг дўстлик ва қардошлик алоқалари ҳақидаги тасвирий санъат асарлари кўргазмаси бўлиб ўтади.

Хивада «Махтумқули ижодининг ўзбек адабиёти ва санъатида тутган ўрни» мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтади.

Октябрь ойида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Махтумқули Фироғий хотирасига бағишланган ижодий кеча бўлиб ўтади.