Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ўрмон хўжалиги агентлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда экофаол ёшлар томонидан Орол денгизи тубида саксовул экиш ишлари бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар қилди.

«Бу йил тузли ва қумли шамоллар ҳосил бўладиган энг заиф жойларда яшил майдонлар яратишни режалаштирганмиз. Президент Шавкат Мирзиёев 100 минг гектар майдонда қўриқланадиган ўрмонзорлар барпо этиш вазифасини қўйди. Биз 150−200 минг гектар майдонга дарахт экишни мақсад қилганмиз. Давлат раҳбари қум ва чанг бўронлари масаласини шахсан назорат қилади ва ҳозирда мамлакатда бу муаммога қарши самарали кураш олиб борилмоқда, — деди Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси илмий-тадқиқот институти академиги, лойиҳа раҳбари Зиновий Новитский.

«Бу муаммони ҳал этишда ўрмон питомникларини ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Жорий йилда 150 гектар майдонда питомниклар яратиш, у ерда саксовул, черкез, қандим каби чўл ўсимликларини етиштириш кўзда тутилган».

Маълумот учун, давлат раҳбарининг топшириғига кўра, 2018−2023 йиллар давомида ҳар йили вилоятлардан келган ёрдамчилар, Ўрмон хўжалиги агентлиги ва маҳаллий фуқаролар иштирокида кўплаб майдонларга чўл ўсимликлари экилди. Ўтган 5 йил давомида Орол денгизи тубида 1 млн 730 минг гектар ўрмонзор барпо этилди, яъни 17 минг км квадрат майдон кўкаламзорлаштирилди.

Қайд этилишича, 2024 йилда жами 150−200 минг гектар майдонда ўрмонзорлар барпо қилиш режалаштирилган. Бугунги кунгача ўрмон хўжаликлари томонидан 192,63 тонна чўл ўсимликлари уруғлари, жумладан, 71,96 тонна саксовул, 120,67 тонна қорабароқ чўл ўсимликлари терилиб, экишга тайёрланди. Шунингдек, 2,7 минг гектар майдонда саксовул, қандим, черкес каби чўлга чидамли ўсимликларнинг уруғ ҳамда кўчатлари экилмоқда.

Мақсад «Яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонларини яратиш, ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилаш, зарарли туз ва чанглар кўтарилишининг олдини олишдир, дейилади вазирлик хабарида.